Тошкент халқаро инвестиция форуми ишида иштирок этган Америка -Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ҳам ташриф буюрди.

К.Лэмм хоним Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашди.

Мулоқот давомида томонлар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Иқтисодиётнинг барқарор ўсишига кўмаклашадиган йирик ва кичик инвесторларни жалб этишга ёрдам берадиган мустаҳкам ҳуқуқий базани яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда бизнес ривожини рағбатлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш учун самарали фаолият юритадиган суд тизими зарурлиги таъкидланди.

Томонлар ҳуқуқий барқарорлик ва ишончлилик инвестицияларни жалб қилишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Кэролин Лэммнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва хорижий инвесторлар учун кафолатларни кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар хорижлик тадбиркорларнинг мамлакатимизга ишончини ошириб, уларда Ўзбекистонда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини уйғотмоқда.

Мулоқот давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА