Италия «А» серияси 35-турида «Кальяри» ўз майдонида «Лечче» клуби билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.

Биз учун аҳамиятлиси «Кальяри» жамоаси сафида сўнгги учрашувларда асосий таркибдан ўрин олиб келаётган ҳужумчимиз Элдор Шомуродов мазкур учрашувда 68-дақиқада захирадан майдонга туширилди. Элдор қанчалик ҳаракат қилмасин олдинги чизиқда ёлғизланиб қолди ва учрашув натижасига таъсир кўрсата олмади.

Энг муҳими, мазкур учрашув А.Шомуродов учун тарихий аҳамият касб этди. Сабаби терма жамоамиз сардори учун «Кальяри» ва «Лечче» баҳси «А» сериядаги 100-ўйин бўлди ва кучли бешлик, аниқроғи «А» серияда биринчи маротаба ана шундай натижа қайд этган ўзбек футболчиси сифатида тарих зарварақларига номини ёздирди.

Италия футболи тарихидаги биринчи ўзбек футболчиси Илёс Зейтуллаев ҳисобланади. «Ювентус» тарбияланувчиси бўлган собиқ легионеримиз ушбу мамлакат чемпионатида атиги икки маротаба майдонга тушган холос. И.Зейтуллаев асосан қуйи лигаларда футболчилик фаолиятини ўтказган.

Маълумот ўрнида, Элдор Шомуродов кучли бешлик лигаларида гол уришга муваффақ бўлган биринчи ўзбекистонлик футболчи ҳамдир.

Ҳа, бугун ўзбек футболи жадал ривожланмоқда ва Элдордек футболчилар сафи кундан-кун ортиб бормоқда. Умид қиламизки, Элдор Шомуродов келаси мавсум ўзининг ёрқин ўйинлари билан мухлис ва мутахассислар эътиборини яна тортади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА