Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Европа давлатларига амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган «йўл хариталари»нинг ижро этилиши ҳолати тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.

Унда депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022-2024 йиллар давомида Европа давлатлари, хусусан, Венгрия, Франция, Германия ва Италияга амалга оширган олий даражадаги ташрифлари доирасида эришилган келишувлар, 50 дан ортиқ имзоланган ҳужжатлардаги вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши ҳолати атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Европа мамлакатлари, хусусан, Венгрия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот, Франция тараққиёт агентлиги билан 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича стратегик шериклик тўғрисида битим тузилган. Ўзбекистон ва Италия ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларация қабул қилинган.

Бундан ташқари, Венгрия билан 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, ҳар йили «Stipendium Hungaricum» таълим грантлари дастури доирасида Венгрия Ҳукуматининг 90 га яқин мамлакатларга таълим грантлари ажратилмоқда.

Франция билан имзоланган Аҳдлашув протоколи ҳамда Маъмурий келишув асосида олий ва профессионал таълим соҳасида алоқалар кенгаймоқда. Германия билан жорий йил тўртинчи чорагида икки томондан олий таълим вазирлари раислик қиладиган «Ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия»нинг 5-йиғилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон – Италия таълим форумини ўтказишга оид масалалар Италия билан келишилмоқда.

Айни вақтда Венгрия, Германия, Италия, шу билан бир қаторда Буюк Британия, Греция, Швеция, Литва, Люксембург, Молдова, Монако, Польша, Руминия каби 12 та давлат фуқаролари республикамиз олий таълим муассасаларида бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда.

Шунингдек, Европа мамлакатларидан Венгрия ва Франция, шу билан бирга Буюк Британия, Испания, Польша ҳамда бошқа давлатлари билан икки томонлама алоқаларни жадаллаштириш, соҳада доимий ўзаро мулоқотни таъминлаш мақсадида «Ректорлар форуми» ва «Таълим форуми» шаклидаги тадбирлар йўлга қўйилган.

Қайд этилганидек, сўнгги 5 йилда 22 та хорижий олий таълим муассасаларининг юртимиздаги филиаллари ташкил этилди ва уларнинг сони 29 тага етди.

Эшитувда стратегик ҳамкор давлатлар билан ижтимоий-гуманитар соҳадаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича тегишли чоралар кўрилган. Шу билан бирга, айрим вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашда айрим сабабларга кўра кечикиш ёки ижроси таъминланмаганлик ҳолатлари билан боғлиқ камчиликлар ҳам кузатилаётгани қайд этилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

М.Комилова, ЎзА