Президентимизнинг шу йил 24 майдаги “Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни тақдим этиш тартибларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларга субсидиялар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар (қўллаб-қувватлаш чоралари) уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда жорий этилади.

Хусусан, қўллаб-қувватлаш чоралари “В” ва ундан юқори рейтинг даражасига эга тадбиркорларга амалдагисига нисбатан қуйидаги миқдорларда тақдим этилади: “ААА” тоифа – амалдаги миқдорнинг 100 фоизи; “АА” тоифа – амалдаги миқдорнинг 90 фоизи; “А” тоифа – амалдаги миқдорнинг 80 фоизи; “ВВВ” тоифа – амалдаги миқдорнинг 70 фоизи; “ВВ” тоифа – амалдаги миқдорнинг 60 фоизи; “В” тоифа – амалдаги миқдорнинг 50 фоизи.

Қўллаб-қувватлаш чоралари рўйхатдан ўтганига 6 ой бўлмаган, шунингдек, Президент фармонига мувофиқ 4 ва 5-тоифадаги туманларда фаолият юритаётган тадбиркорларга уларнинг рейтинг даражасидан қатъий назар амалдаги миқдорларда тақдим этилади.

Тадбиркорларнинг рейтинг даражаси пасайган тақдирда қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш 3 ой давомида сақлаб қолинади. Юқорилаган тақдирда қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги ойдан бошлаб янгиланган рейтинг даражасига мувофиқ миқдорларда тақдим этилади.

2025 йил 1 январдан “subsidiya.mf.uz” платформасида тадбиркорларга тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чораларининг турлари, муддатлари ва тартибини ўз ичига олган алоҳида реестр юритилади.

 

Ш.Маматуропова, ЎзА