Жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнлар, мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт даври натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш устувор вазифага айланди. Хусусан, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқи ва манфаатини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга урғу берилмоқда. Жумладан, ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

“Янги Ўзбекистон истиқболи: иқтисодиёт, таълим, менежмент ва бизнес” мавзусида ташкил этилган халқаро илмий-амалий анжуман ҳам айни фармон ижросини таъминлашга қаратилган.

“International school of Finance and Technology” институти томонидан ташкил этилган мазкур анжуманда иқтисодиёт, таълим, менежмент, бизнесда яратувчиликни ошириш масаласи иштирокчилар диққат марказида бўлди. Хусусан, замонавий иқтисодиёт фанлари концепциясини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш вазифасига алоҳида эътибор қаратилди.

Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув шароитида халқаро иқтисодий муносабатлар, муаммо ва ечимлар, банк-молия тизимини трансформациялаштириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, инновация ва иқтисодиётни рақамлаштириш шароитида туризм салоҳиятини ошириш, янгиланаётган Ўзбекистонда таълим ислоҳоти ва бизнес бошқарувини такомиллаштириш, яшил иқтисодиётни молиялаштиришга жаҳон тажрибасини татбиқ этиш муҳим саналади.

АҚШ, Буюк Британия, Италия, Испания, Германия ва бошқа хорижий мамлакатлардан 30 га яқин олим қатнашган тадбирда бухгалтерия ҳисоби, корпоратив-молиявий бошқарув, таълим ва атроф-муҳит ҳамда “яшил” иқтисодиёт мавзуларида маъруза қилинди.

– Мен конференцияда келажакка дахлдор тараққиёт учун муҳим бўлган Ислом молияси тушунчасига эътибор қаратдим, – деди Дурҳам Ислом иқтисодиёти ва молия маркази директори, профессор Меҳмет Асутай. – Энг муҳими, исломий молия жамият қадрияти тизими, намунавий иқтисодиёт доирасида фаолият олиб бориши кераклигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Мазкур намунавий иқтисодиёт кундалик ҳаётга қандай ижобий таъсир кўрсатаётганини кузатиб боряпмиз. Дунёнинг кўплаб давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам тараққиётни молиялаштириш, жамият фаровонлигини ошириш йўлида ривожланишга интилмоқда. Ишонаманки, Ўзбекистон Исломий молиянинг янги моделини ишлаб чиқа олади.

Конференция якунида билдирилган таклиф, тавсия ва мулоҳазалар асосида резолюция қабул қилинди.

Марҳабо Мадаминова,

ЎзА