Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ташкил этилган “Ёш журналистлар” клуби Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда фаолият юритиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастурда оммавий ахборот воситалари вакилларининг ижодий фаолиятини, юбилей ёшини нишонлаётган устоз журналистларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш билан бирга “Ёш журналистлар” тўгаракларини йўлга қўйиш, ёшларга журналистика сир-асрорларини ўргатиб келаётган соҳа фаолларини рағбатлантириб бориш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Қорақалпоғистон бўлими томонидан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Ёш журналистлар” тўгараги ташкил этилган.
Жорий йилнинг феврал ойида Қорақалпоқ давлат университетида ташкил этилган “Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда воқеликни холис ёритиш: бугунги ҳолат, таҳлил, таклиф ва тавсиялар” мавзусидаги минтақавий конференция доирасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов, “Янги медиа таълим маркази” директори Беруний Алимов ушбу тўгарак ёшлари билан учрашди. Мулоқот чоғида мамлакатимизда ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, “Устоз-шогирд” анъанаси, оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатиш масъулияти хусусида сўз юритилди.
3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан уч авлод учрашуви ўтказилди. Учрашув доирасида “Ёш журналист-2024“ танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда клуб фаолиятида бир йил давомида фаол иштирок этган талаба-ёшлар “Энг яхши матбуот материали”, “Энг яхши радио материали”, “Энг яхши телевидение материали”, “Энг яхши шеър” “Энг яхши ҳикоя”, “Энг яхши интернет материали” номинациялари бўйича рағбатлантирилди.
–Ҳар хафтада таниқли журналистлар иштирокида ўтказилаётган семинар ҳамда маҳорат дарсларининг мавзулари турлича,–дейди “Ёш журналистлар” клуби раҳбари, филология фанлари номзоди, доцент Зияда Қожиқбаева. –Хусусан, “Журналист Атажан Халмуратов ижодига штрихлар”, “Жадид матбуоти тарихи”, “Болалар журналистикаси ва Дариха Уббиниязованинг журналистик фаолияти”, “Радиожурналистикананг ўзига хос хусусиятлари”, “Телевидениеда ахборот дастурлари тайёрлаш технологияси”. “Фотожурналистикада репортаж тайёрлаш сирлари”, “Журналист Шарап Уснатдиновнинг маҳорат мактаби”, “Депутат Назира Матякубова билан учрашув”, “Интернетда фейк хабарларни қандай аниқлаймиз?”, “Мақола қандай ёзилади?” ва бошқа мавзулардаги тадбирлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
“Ёш журналистлар” клубининг собиқ аъзолари бугунги кунда нафақат Қорақалпоғистон Республикасидаги оммавий ахборот воситаларида, балки “Севимли”, “Ренессанс”, “МY5” телеканалларида ҳам фаолият кўрсатмоқда. Улар шиддат билан тараққиёт топаётган Янги Ўзбекистонда, шу жумладан, Янги Қорақалпоғистонда янги ғоя ҳамда интилишлар билан янгиликлар яратишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг клубда олган тажрибаси ўз фаолиятлари давомида асқатаётганлиги устозлар учун ғурурдир.
Клуб аъзолари 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрамига катта тайёргарлик кўрмоқда. Байрам муносабати билан турли тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири