Ижтимоий тармоқларда Беруний туманидаги хусусий боғча тарбияланувчиларини олиб кетаётган автомашина аварияга учрагани тўғрисида эълон қилинган пост бўйича Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси расмий муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, жорий йил 19 июнь куни хусусий боғча раҳбари С.Г. ўзининг бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинасида боғча тарбияланувчиларини олиб кетаётганда “Жентра” русумли автомашина (ҳайдовчиси У.Қ.) тўсатдан “Нексия” автомашинаси олдига чиқиши оқибатида тўқнашув содир бўлган. Йўл транспорти натижасида боғча тарбияланувчилари 2018 йилда туғилган Х.Ф. ва 2021 йилда туғилган Н.С. тан жароҳати олиб, шифохонага стационар даволанишга ётқизилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳар иккала жабрланганларда ўрта даражадаги жароҳатлар аниқланиб, зарур тиббий муолажалар кўрсатилган. Қолган йўл транспорт ҳодисаси иштирокчилари тўлиқ амбулатор кўрикдан ўтказилган, аҳволи қониқарли. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят иши доирасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасдан “Нексия” автомашинасида белгиланганидан ортиқ йўловчи ташиган С.Г.нинг ҳамда “Жентра” русмли автомашина ҳайдовчиси У.Қ.нинг ҳаракатига қонуний баҳо берилиши таъминланади.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан жиноят иши тергови устидан прокурор назорати ўрнатилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири