Товарлар ташқи савдо операцияларини амалга оширишда тадбиркорлик субъектларига яратилаётган шароитлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси масъул вакиллари иштирокида Қўнғирот тумани тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Қўнғирот тумани мамлакатимиз шимолидаги Марказий Осиёда ягона ўзига хос маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик саноат корхонасидир. 2006 йилда ишга туширилган “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси бугунги кунда ош тузи, калцинацияланган сода, оҳак, техник туз каби кимё саноатида асосий ўринни эгалловчи маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.
Марказий Осиёда ягона калцинацияланган сода ишлаб чиқарувчи қўшма корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 200 минг тоннани ташкил этади. Ҳозир 3 сменада жами 1900 нафар фуқарони доимий иш ўрни билан таъминлаган мазкур корхона ўз маҳсулотларини дунё бозорларига ҳам жўнатмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғининг қўнғиротлик тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ҳам айнан ушбу корхонада бўлиб ўтди. Тадбир давомида тадбиркорлик субъектларига маҳсулот экспортини амалга оширишда божхона органлари томонидан жорий этилган “Экспорт 3 қадамда” тизими афзалликлари, соддалаштирилаётган божхона расмийлаштируви амалиётлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди. Шунингдек, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими талаб ва имкониятларидан Қўнғирот тумани тадбиркорлари фаолияти мисолида фойдаланиш бўйича ҳам таклиф ва йўналишлар берилди.
Таъкидлаш жоизки, қорақалпоғистонлик тадбиркорлар томонидан йил бошидан 2,1 миллион АҚШ доллари қийматидаги 8500 тонна маҳсулот “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида божхона тўловларидан озод этилган ҳолда олиб кирилган бўлиб, шундан бугунги кунга қадар 1,2 миллион АҚШ доллари қийматидаги 4632 тонна маҳсулот қайта ишланиб, реэкспорт қилинган. Тумандаги тадбиркорлар фаолиятини ўрганиш доирасида масъуллар яна бир йирик инвестицион лойиҳа фаолияти билан ҳам танишди.
Қўнғирот тумани “Елобод” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида “KUNGRAD CARGO IMPEX” МЧЖ томонидан ташкил этилган “Халқаро логистика маркази”нинг биринчи босқичи ишга тушган. Ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишда маҳсулотни йиғиш, сақлаш ҳамда темир йўл ва автомобиль йўллар орқали ички ва ташқи харидорларга сифатли етказиб бериш лойиҳасининг тўлиқ ишга туширилиши натижасида йилига 27 минг тонна юкни йиғиш, сақлаш, ташиш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, эндиликда ушбу марказда экспортёрлар учун комплекс хизматлар ҳам кўрсатилади.
Юртбошимиз раҳнамолигида тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган имконият ва шароитлар халқ фаровонлигига хизмат қилади. Зеро, тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам бой бўлади!
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири