Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Президент кубоги-2024” мусобақаларининг илк тур ўйинлари ортда қолди.

Халқаро турнир низомига кўра, “А” гуруҳида рейтинги 2250 ва ундан юқори шахматчилар қатнашаётган бўлса, “B” гуруҳида рейтинги 2249 ва ундан паст шахматчилар совринли ўринлар учун кураш олиб бормоқда.

Классик шахмат бўйича ўтаётган ушбу мусобақада партия 90 дақиқа ва ҳар бир юриш учун 30 сония вақт қўшиб берилиши белгиланган.

Нуфузли мусобақанинг “А” гуруҳида 120 нафар маҳоратли шахматчилар қаторида ФИДЕ рейтингида кучлилар рўйхатида қайд этилаётган Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон), Парҳам Магсудлу (Эрон), Амин Табатабаи (Эрон), Жавоҳир Синдоров (Ўзбекистон), Шамсиддин Воҳидов (Ўзбекистон), Ниҳал Сарин (Ҳиндистон), Нодирбек Ёқуббоев (Ўзбекистон), Пураник Абҳиманю (Ҳиндистон), Мурали Картикеян (Ҳиндистон), Муниретинам Пранеш (Ҳиндистон) бош совринга даъвогарлик қилмоқда.

Нуфузли мусобақанинг “В” гуруҳида эса 132 нафар шахматчи рўйхатда келтириб ўтилган.

Кеча ҳар икки гуруҳда 1-тур ўйинлари ташкил этилди.

Мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ долларидан иборат “Президент кубоги-2024” турнирининг 1-турида “А” гуруҳида ғолиблик учун кураш олиб бораётган ҳамюртларимиздан Нодирбек Абдусатторов қора доналарда ҳиндистонлик Самбит Пандани мағлубиятга учратди.

Шунингдек, Жавоҳир Синдоров FIDE байроғи остида мусобақада қатнашаётган Екатерина Голцевани таслим этган вазиятда, Шамсиддин Воҳидов ҳиндистонлик Этан Вазга билан дуранг ўйнади. Терма жамоамиз аъзоларидан Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда қирғизистонлик Мелис Маматовдан устун келди.

Бугун, 22 ноябрь куни мусобақанинг 2-турида Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда ҳиндистонлик Сахиб Сингх билан рўбарў келади. Ушбу турнинг яна бир қизиқарли баҳси ҳамюртимиз Ортиқ Неъматов ва “Президент кубоги-2024”нинг иккинчи рақамли шахматчиси сифатида таснифланган эронлик Парҳам Магсудлу ўртасида кечади.

Т.Рўзиев,

ЎзА