Ўзбекистоннинг Нидерландиядаги элчиси этиб тайинланган Ғайрат Фозилов ушбу давлат Ташқи ишлар вазирлиги Протокол ва хорижий алоқалар департаменти директори Хансу Акербумга ишонч ёрлиғи нусхасини топширди. Дипломатимиз фаолиятини Брюссель шаҳридаги қароргоҳдан туриб олиб боради.

Мулоқот чоғида сиёсий-дипломатик, парламентлараро, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларидаги муносабатлар ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Жорий йил апрелда Тошкент шаҳрида икки давлат ташқи сиёсат идоралари маслаҳатлашувининг навбатдаги давраси якуни ижобий баҳоланди ва бу механизмни мунтазам такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда икки ва кўп томонлама шериклик кўламини кенгайтириш бўйича келгуси режалар, турли даражадаги бўлажак учрашув ва тадбирлар жадвали юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ханс Акербум Протокол бўлими элчихона фаолиятини, жумладан Ўзбекистон – Нидерландия мулоқотини мустаҳкамлашга ҳар томонлама кўмаклашишини тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизнинг Европа Иттифоқидаги миссияси раҳбари, Элчи Ғайрат Фозилов 14 ноябрь куни Европа кенгаши президенти Шарль Мишелга ишонч ёрлиғини топширган. Жорий йил 7 февраль куни эса унинг Бельгия Қироли Филиппга ишонч ёрлиғини топшириш маросими ташкил этилган эди.

ЎзА