Тўрткўл туманида навбатдаги бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” ҳамда “Ёшлар ойлиги” муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси учун қабул қилинган фармон ва қарорлар ижроси натижасида содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.
Ярмаркада ишсиз фуқаролар тумандаги корхона ва ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринлари билан танишиб, 13 нафари ишга жойлашишга йўлланма олишди. Иштирокчилар хусусий секторда мавжуд иш ўринлари ва ҳунармандлар томонидан тайёрланган ижод намуналари билан танишишди ҳамда ўз тадбиркорликларини бошлашлари учун зарур тавсияларга эга бўлишди.
Тадбир доирасида “Устоз-шогирд” анъанасига кўра чеварлик сир-асрорларини ўрганган ҳамда ““Dinur-Jobs” ўқув марказида курсларни тугатган ёшларга сертификатлар берилди. Шунингдек, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағи ҳисобидан 3 нафар ишсиз фуқарога газ плитаси, 1 нафарига компьютер жамланмаси ҳамда 5 нафарига тикув машинаси субсидия тарзида топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири