Тадбиркорлик субъектлари учун божхона қонунчилигида яратилаётган имконият ва имтиёзлар тарғиботи доирасида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси мутасаддилари тўрткўллик тадбиркорлар билан учрашди.
“Экспорт 3 қадамда” тизими афзалликлари, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимидан фойдаланиш қулайликлари тушунтирилиб, тадбиркорларнинг мавжуд муаммолари тубдан ўрганилди. Жумладан, туманидаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ўрганиш баробарида масъуллар шиша ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “TO‘RTKO‘L SHISHA IDISHLARI” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, корхонанинг шиша ишлаб чиқаришни 2 босқичда ташкил этиш инвестиция лойиҳаси бўйича амалга ошираётган ишлари билан танишди.
Йил бошидан 272,6 минг АҚШ доллари қийматидаги шиша идиши экспортини амалга оширган ушбу тадбиркорлик субъектининг 5 миллион долларлик хорижий инвестиция лойиҳаси ишга туширилса, яна янги 70 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бугунги кунда Хитой давлатидан лойиҳа доирасида янги ускуналарни олиб келиш чоралари кўрилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири