Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Носир Боймирзаев иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Унда қайд этилишича, жорий йил давомида 1 миллион  300 минг нафар фуқаронинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланди. Хусусан, уларнинг 355 минг нафари доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилган,  765 минг нафари ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган. 61 минг нафари якка тартибдаги тадбиркорликка, 13 минг нафари ҳунармандчиликка ва 36 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган.  74 минг нафар фуқарога эса  ижара асосида ер майдонлари ажратилган.

Ҳоким ёрдамчиларининг ташаббус ва тавсияси билан 81 мингта лойиҳага 1 триллион 400 миллиард сўм имтиёзли кредит ва 5 минг 400 нафардан ортиқ ишсиз фуқарога 31 миллиард сўм миқдорида субсидиялар ажратилган. Олиб борилган амалий чора-тадбирлар натижасида касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқишга йўналтирилган 35 минг нафар фуқаро ўқишни тамомлаб, сертификатга эга бўлди. 20 мингдан ортиқ маҳаллабай микролойиҳа шакллантирилиб, улардан 7 минг 200 таси ишга туширилиши натижасида 23 мингта янги иш ўрни яратилди. 27 мингта юридик ва 59 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ҳоким ёрдамчиларининг билим ва кўникмаларини янада ошириш, камбағалликни қисқартириш борасидаги хориж тажрибасини ўрганиш мақсадида жорий йил бошидан буён 24 нафар ҳоким ёрдамчиси Хитой Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси томонидан онлайн курсларда ўқитилди, 25 нафар ҳоким ёрдамчиси Туркияга хизмат сафарига юборилди.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА