Ўзбекистон Республикаси Президенти “Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлигининг фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги фаолиятининг асосий йўналишлари;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлигининг ташкилий тузилмаси  тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ:

а)  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги директори мақоми бўйича вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади;

б)  Агентлик тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

в)  Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотларга атом энергияси соҳасидаги лойиҳалар доирасида:

лойиҳалар концепциялари, параметрлари ва шартларини ишлаб чиқишда зарур хизматларни, шу жумладан, маркетинг, муҳандислик ва бошқа хизматларни кўрсатишга ихтисослашган компаниялар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга;

хўжалик жамиятларини ташкил этиш (устав капиталида иштирок этиш) ва мазкур жамиятлар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга;

иқтисодиёт тармоқларидаги лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этишга рухсат берилади.

Қарор билан Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигининг Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси Агентлик ҳузурида Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш жамғармаси этиб қайта ташкил этилади.

Агентлик директорига:

юкланган топшириқ ва вазифаларни амалга ошириш доирасида консультантлар сифатида давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илм-фан ва таълим муассасалари, шунингдек, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги етакчи халқаро ва чет эл компаниялари мутахассисларини тўғридан-тўғри шартномалар тузиш йўли билан жалб этиш;

юқори малакали хорижий мутахассисларни белгиланган тартибда ишга қабул қилиш, шунингдек, Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан уларнинг меҳнатига миллий ёки чет эл валютасида (хориждаги ҳисобварақларга ўтказган ҳолда) ҳақ тўлаш ҳуқуқи берилади.

ЎзА