Мамлакатимиз олий таълим тизимида кейинги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда.

Айниқса, ўқитиш, малакали мутахассислар тайёрлаш соҳасига халқаро тажриба, тартиб ва меъёрларни жорий этиш, ривожланган мамлакатларнинг олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада 40 дан ортиқ тиббий ихтисослик бўйича 11 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олаётган Андижон давлат тиббиёт институтида салмоқли ишлар олиб бориляпти.

– Институтимиз дунёнинг қатор ривожланган давлатларидаги ўнлаб олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Фаррух Расулов. – Айниқса, Россия Федерациясидаги тиббиёт олий ўқув юртлари, тиббиёт илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилди.

Айни кунда институт Россия Федерацияси Приволжский номидаги тиббий тадқиқот университети билан стоматология (юз-жағ жарроҳлиги) клиник ординатура (1+1) йўналиши, Доғистон давлат тиббиёт университети билан стоматология бакалавриат таълим (3+2) йўналишида, шунингдек, Қозон федераль университети, И.П.Павлов номидаги Санкт-Петербург 1-давлат тиббиёт университети, Санкт-Петербургдаги И.И.Мечников номли Шимолий-Ғарбий давлат тиббиёт университети, В.А.Алмазов номидаги Миллий тиббий илмий тадқиқот маркази билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

Жумладан, ана шу ҳамкорлик доирасида 2019 йилда Доғистон давлат тиббиёт университети билан стоматология бакалавриат таълим йўналишида ташкил этилган 3+2 қўшма таълим дастур доирасида бугунги кунда 51 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Биргина жорий йилнинг ўзида институтда Россия олий ўқув юртлари, тиббиёт марказлари, россиялик мутахассислар билан ҳамкорликда “Профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш”, “Урологик касалликларни даволашга инновацион ёндашув”, “Болалар жарроҳлиги хирургияси муаммолари” мавзуларида халқаро илмий анжуманлар ўтказилди.

2023-2024 ўқув йилида институтга россиялик 32 нафар олим ва мутахассис ташриф буюрди. Катта тажриба ва юқори малакага эга ана шу мутахассислар томонидан талаба ҳамда ўқитувчилар учун тиббиётнинг долзарб масалалари юзасидан маърузалар, амалий машғулотлар, маҳорат дарслари ўтказилди.

Институт профессор-ўқитувчилари, мутахассисларининг Россия Федерацияси олий ўқув юртлари, тиббиёт марказларида тажриба ва малакасини ошириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2023 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида 45 нафар институт ўқитувчи ҳамда мутахассиси айнан Россия давлатида малака ошириб қайтди.

– Мен бир гуруҳ ҳамкасбларим билан Қозон федераль университетида ички касалликлар йўналишида малака ошириб келдим, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти ўқитувчиси Сожида Холмирзаева. – Россиялик ҳамкасбларимизнинг ички касалликлар бўйича ўқитишнинг илғор услублари, ўқитишга халқаро андозаларнинг татбиқ этилиши борасидаги тажрибаларини ўргандик. Бу албатта фаолиятимизни самарали олиб боришга яқиндан ёрдам беради.

Россия тиббиёт соҳасида дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олади, улардан ўрганадиган нарсаларимиз кўп. Улар билан ҳамкорлигимиз бизга фақат фойда келтиради.

Институтнинг Врачлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш, акушерлик ва гинекология кафедраси таянч докторанти Д. Эгамбердиева илмий ишларини ривожлантириш мақсадида Урал давлат тиббиёт университетида қисқа муддатли стажировка ўтаб келган. У стажировка давомида илмий иши йўналишида ўзининг билим ва малакасини янада бойитганлигини алоҳида эътироф этди.

Бир сўз билан айтганда, Андижон давлат тиббиёт институтининг Россия олий ўқув юртлари, тиббиёт марказлари билан ҳамкорлиги янги, янада юқори босқичга кўтарилмоқда. Ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлган ҳамкорлик, албатта, ўзининг ижобий натижаларини беради.

Ф.Убайдуллаев,

З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.