Янги фармон

Инсон капитали мамлакатнинг муҳим миллий бойлиги ва унинг ҳар томонлама тараққий этишида олий таълим тизимининг ўрни беқиёс. Шу боис сўнгги йилларда олий таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар сабаб, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга бўлган янги авлод кадрларини тайёрлаш янги босқичга олиб чиқилди.

Жумладан, ушбу ўзгаришларни қуйидаги рақамлар мисолида ҳам кўриш мумкин. 2016/2017 ўқув йилида мамлакатимизда олий таълим муассасалари сони 70 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб улар сони 214 тага етди. ОТМлар сони ортиши билан бирга улардаги қабул кўрсаткичлари ҳам сезиларли даражада кўпайди. Ҳозирда олий ўқув юртларига қабул квотаси 2016 йилги 9 фоиздан 42 фоизга етказилди.

Шунингдек, педагог ва талабаларнинг, илм олиш, ўқиб изланишлари учун яратиб берилган шароитлар сабаб, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти 41 фоизга етказилди. Бунда илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланувчилар сони 2023 йил якунига келиб 6 265 нафарни ташкил қилиб 26,4 фоиз ўсишга эришилди. ОТМлар учун 146 номдаги 23 900 ададли ўқув адабиёти, профессионал таълим муассасалари учун эса 65 номдаги 49,2 минг нусха махсус фанлардан адабиётлар нашр этилиб, таълим масканларига етказилди.

Натижада бугунга келиб, “ҚС Фан соҳалари рейтинги”да 2 та олийгоҳ 4 та фан соҳаси бўйича “Топ-500”, “ҚС Осиё университетлари рейтинги 2024” рўйхатида 14 та олийгоҳ “Toп-1 000”, “ҚС барқарорлик – 2024” рейтингида 3 та олийгоҳ “Toп-1 000” университетлар рўйхатидан жой олди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида эса 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли “Топ-1 000” олий таълим ташкилотлари рейтингига киритишга эришиш мақсад қилинган.

Бу каби олий таълим тизимида эришилаётган ижобий натижаларга яна кўплаб мисоллар келтириб ўтиш мумкин, албатта. Аммо, барчамиз учун устувор бўлган вазифа бу ўтган вақт давомида орттирилган тажрибалардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда соҳани янада тараққий эттириш, олий таълим олиш истагида бўлган ёшларимиз учун кенгроқ имкониятлар яратиб беришдир.

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилинган “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда унда белгилаб берилган вазифалар ана ўша мақсадларни амалга оширишда муҳим дастуриламал ҳужжат бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Фармонда белгиланганидек эндиликда, 2024/2025 ўқув йили қабулидан бошлаб давлат буюртмаси параметрларини давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кундузги таълим шаклида тасдиқлаш тартиби жорий этилади. Албатта, бундан олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари мустасно саналади.

Шунингдек, давлат гранти квоталарининг олий таълим ташкилотлари кесимида тақсимоти тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг танлови ва тўплаган балларига кўра амалга оширилади. Бунда бакалавриат ва магистратурага қабул қилинган талабаларга таълим гранти бир ўқув йили учун ажратилади.

Яъни, таълим гранти биринчи курсда олий таълим ташкилотларига ажратилган давлат буюртмаси квотасига мувофиқ кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган талабаларга ажратилса, иккинчи ва ундан кейинги курсларда юқори академик рейтинг кўрсаткичларига эришган ва ижтимоий фаол талабалар орасида олий таълим ташкилотлари томонидан табақалаштирилган тартибда қайта тақсимланади.

Ўйлаймизки, ушбу адолатли таълим тизимининг ишга туширилиши минглаб ёшларимизга рағбат бўлиб, уларни ўқишга киргандан кейин ҳам соғлом рақобат руҳида ўз устиларида янада кўпроқ изланишга ундайди. Чунки, амалдаги тизимда арзимас бир кичик хатоликни деб контарктга тушиб қолган абитуриентлар оилавий ва иқтисодий муаммолари сабаб бир йил вақтини йўқотишга ёки бўлмаса, тўрт йил қийналиб контракт тўлаб таълим олишга мажбур бўлиб келишаётган эди.

Фармон билан киритилаётган яна бир муҳим ўзгартириш бу 2025 йилдан бошлаб давлат буюртмаси параметрлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан шакллантириладиган олий маълумотли кадрларга бўлган талаб прогнозига мувофиқ равишда тўрт йиллик давр учун тасдиқланишидир. Ушбу тизим ҳам келажакда замон талаблари асосида кадрларни тайёрлаш ҳамда битирувчи кадрлар учун муносиб иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Умуман олганда, фармонда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишнинг минимал ўтиш бали тегишли бакалавриат таълим йўналишининг олдинги ўқув йилидаги ўртача ўтиш балларини ҳисобга олган ҳолда Давлат комиссияси томонидан белгиланиши, магистратура мутахассисликлари ва олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига қабул қилишда хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат талабларининг енгиллаштирилиши ҳамда имтиёз билан давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентга ушбу имтиёздан такроран фойдаланишга рухсат этилмаслиги каби кўплаб ижобий ўзгартиришлар кўзда тутилган.

Ушбу ўзгартиришлар ёшларимизга ўзлари қизиққан соҳа ва йўналишда олий таълим олиб, ўз билимларини мустаҳкамлаш орқали эртанги кунда мамлакатимиз тараққиётини белгиловчи кадрлар бўлиб етишишида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА