Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистон учун 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредитни тасдиқлади. Ушбу маблағлар “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ижтимоийлашувини таъминлаш учун инновацион ижтимоий ҳимоя тизими” (“Инсон”) лойиҳасини амалга ошириш учун тақдим этилади. Лойиҳанинг мақсади аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мансуб одамлар учун ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини ва уларнинг сифатини яхшилашдир, дейилади хабарда.

Лойиҳа қўшимча равишда Жаҳон банки қошидаги «Эрта ёшдаги таълим учун ҳамкорлик» кўп томонлама донорлик траст жамғармаси томонидан тақдим этилган 2 миллион долларлик грант воситасида молиялаштирилади. Жамғарма фаолияти дунёнинг турли мамлакатларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ривожланиши ва таълимини қамраб олади. Ушбу маблағлар маҳаллий жамоалар (маҳаллалар) даражасида кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар фаровонлигига таъсирини баҳолаш ва уларнинг сифатини ошириш учун йўналтирилади.

— Биз Ўзбекистон ҳукуматининг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама ва самарали қўллаб-қувватлаш мақсадида миллий ижтимоий ҳимоя тизими салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлаймиз, — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли. — «Лойиҳа Ўзбекистонда «ғамхўрлик иқтисодиёти» секторининг ҳуқуқий ва институционал асосларини ривожлантиришга кўмаклашади.

Шунингдек, у минглаб одамлар, жумладан, кекса фуқаролар, ногиронлиги бор шахслар, оиладаги зўравонлик қурбонлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун ҳалигача мавжуд бўлмаган зарур ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашни қўллаб-қувватлаши ҳақида сўз юритган.

Лойиҳа Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилади.

Лойиҳа натижасида мамлакат бўйлаб маҳаллалар даражасида фаолият юритадиган 50 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилади. Уларнинг хизматлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга энг муҳтож қатламларига қаратилган бўлади.

Шунингдек, 50 мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар, шу жумладан, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари негизида сифатли ижтимоий ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш имкониятлари яхшиланади.

Маҳалла даражасида ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларини ташкил этиш ижтимоий ҳимоя органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларга бўлган талабни камайтириши ва хусусий ижтимоий хизмат кўрсатувчилар бозорини ривожлантиришга туртки бўлиши кутилмоқда. Лойиҳа кўмагида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мансуб фуқароларга индивидуаллашган ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими ишлаб чиқилади.

1200 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг касбий маҳоратини ошириш ва иш билан таъминлаш, улардан камида ярмини 15−24 ёшли ёшлар ташкил қилиши белгиланган. Зўравонликдан жабрланган 29 нафар шахсни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига мурожаат қилган барча аёлларга сифатли ҳуқуқий, тиббий, психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, улар компьютер ва молиявий саводхонлик ҳамда муайян касбий кўникмаларни ривожлантириш бўйича қисқа муддатли курслар доирасида ўқитилиши мумкин.

Лойиҳа турли хил фавқулодда вазиятларга жавоб бериш учун тайёрланган мослашувчан ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантиришга кўмаклашади. Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини иқлим ўзгаришига мослаштириш бўйича давлат сиёсати чоралари, тегишли механизмлар ва пилот дастур ишлаб чиқилади. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ хатарлар тўғрисида хабардорликни ошириш ва улар билан боғлиқ оқибатларга жавоб чоралари кўриш учун зарур бўлган кўникмаларни ривожлантиришга йўналтирилган ушбу дастур қишлоқ жойларидаги 100 мингта ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қамраб олади. Шу тариқа уларга иқлимга чидамли экинларнинг уруғлари, қишлоқ хўжалиги қуроллари тақдим этилади. Шунингдек, иқлимга мос қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўқув дастурларидан ўтиш имконияти берилади.

Лойиҳа тадбирларини амалга ошириш ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли гуруҳлари учун ижтимоий-иқтисодий имкониятларни кенгайтириш, уларнинг жамиятга интеграциялашувини таъминлаш, шунингдек, уларнинг фаровонлигини ошириш имконини беради.

 

Ш.Маматуропова, ЎзА