Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар ҳамда вазирлик ва идоралар марказий аппаратларининг бошқарув кадрлари учун махсус семинар ўз ишини бошлади.

Тадбирнинг очилиш маросимида Академия ректори Адҳам Бекмуродов давлат органларида ишларнинг самарадорлиги замон билан ҳамнафас етук кадрларга боғлиқ эканини қайд этди.

Дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида ҳам ходимлар малакасини ошириб боришга устувор аҳамият берилади. Тўғри, ходим олий маълумотли, ўз ишини яхши бажараётган бўлиши мумкин, лекин у малакасини ошириб бормас экан, ўсишдан тўхтаб қолади.

Европанинг айрим давлатларида ходимга бир йилда бир марта малакасини ошириши учун маълум муддатга таътил берилади. Шу вақт ичида у ўзи танлаган йўналишда малака оширади ва  сертификати билан яна ишга қайтади. Малака ошириш тажрибаси Жанубий Кореяда ҳам ривожланган. Ўзбекистон бу йўналишда мазкур мамлакат билан тажриба алмашмоқда.

Академия ректори тингловчилар билан очиқ мулоқот қилиб, малака ошириш жараёни фақат билим бериш эмас, балки профессор ва ўқитувчиларга кўпроқ саволлар бериб, кўпроқ илм эгаллашга, кўпроқ тажриба орттиришга қаратилса, самарали бўлишига эътибор қаратди.

Семинарнинг биринчи кунида янгиланган Ўзбекистон Конституциясини қабул қилиш зарурати, аввалги қомус билан фарқли жиҳатлари, мустаҳкамланган янги тамойиллар ҳақида сўз юритилди.

27 майдан 1 июнгача давом этадиган малака ошириш курси якунида тингловчилар эгаллаган билими тест синовлари орқали аниқланади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган тингловчиларга махсус сертификатлар топширилади.

Н.Абдураимова, ЎзА