АҚШ ва Европа сўнгги ойларда Украинага ваъда қилинган ҳарбий ёрдамни тўлиқ бера олмади, дея баёнот берди НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Германияга ташрифи чоғида. Унинг маърузаси матни альянс сайтида эълон қилинган.

– Ростини айтишимиз керак, сўнгги ойларда НАТО иттифоқчилари Украинага ёрдам бўйича ваъдасини бажармади, – деди у. – Бир неча ой давомида АҚШ янги кўмак пакети бўйича бир тўхтамга кела олмади, Европа мамлакатлари эса режадагидан анча кам ёрдам етказиб берди. Кечикиш ҳолати салбий оқибатга олиб келиши мумкин. Украина Россия дрони ва ракетасидан ҳимояланиш учун зарур воситага эга эмас, Киевнинг ўт очиш қудрати ҳам Россияникига нисбатан анча кам. Бинобарин, Украина учун барчаси қўлдан бой берилгани йўқ, чунки ёрдам аллақачон йўлга чиққан.