«Ренессан» кино уйида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан илгари сурилган «Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – ватанмиз» шиори остида республикадаги телеканалларда ҳафтанинг бир кунини «Миллий кино куни» сифатида белгилаш ҳамда миллий фильмлар намойишини йўлга қўйиш мақсадида анжуман бўлиб ўтди.

Унда Кинематография агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ҳамда нодавлат телеканаллар раҳбарлари ва медиа соҳаси вакиллари иштирок этди.

Анжуман давомида Президентнинг “Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги фармони асосида миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, азалий  маданият ва қадриятларни асраш, келгуси авлодларга безавол етказиш, ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида давлат буюртмасига асосан яратилган миллий фильмлар намойишини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Унга кўра, ҳафтанинг ҳар шанба куни «Миллий кино куни» этиб белгиланди. Бу кунда давлат ва нодавлат телеканалларда фақат миллий фильмлар намойиш қилинади.

— Бу акциямиз халқимизга манзур бўлади, – деди Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдуҳолиқов. – Чунки биз акция орқали аввало, янги фильмларимиз билан бирга, ретро фильмларимизни ҳам халқимизга тақдим этамиз. Томошабинларимиз бу фильмларни соғинишган, албатта. Булар хорижий кинофондлардан қайтарилган ўзбек фильмларининг эталон нусхаларидир. Яна шунга аминмизки, Президентимизнинг бу ташаббуси билан томошабинларда ўзбек фильмларига нисбатан қизиқиш янада ортади.

Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси раиси Шерзодхон Қудратхўжа ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ҳам мазкур акцияни қўллаб-қувватлаб, ўз фикрларини билдирди. Бу ҳақда Кинематографияни ривожлантириш агентлиги хабар қилмоқла.

 

Н.Усмонова, ЎзА