Йўл – ҳамроҳ, у алоқанинг муҳим бир тури. Умримизнинг маълум қисми унда ўтади. Шунинг учун ҳам ёши улуғларимиз йўлларинг равон, йўлдошинг яхши бўлсин, деб дуо қилади.

Маҳалланинг тупроқ кўчасига ўз ҳисобидан шағал тўшаган тадбиркорнинг ишига Яратгандан барака сўраётганларни кўргансиз. Умра зиёратига атаган маблағини мактабга элтадиган йўлни “кесиб” қўйган анҳор устига ихчамгина кўприк қуришга сарфлаганлар ҳақида эшитганмиз. Йўл қурганни эл ҳамиша азиз санаган.

Қарийб 210 минг километрлик масофа – юртимиздаги автомобиль йўллари тармоғининг узунлиги шунча. Бу кичкина рақам эмас, унинг маълум километрлари умумфойдаланувдаги, ички, хўжаликлараро, қишлоқ, шаҳар автомобиль йўллари каби қисмларга бўлиниб кетади.

Биргина шу рақамдан йўлсозлик машаққатли ва катта маблағ талаб этадиган соҳа эканлигини англаш қийин эмас. Бу борада ислоҳотлар қилиш осон кечмасада самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда йўлни таъмирлаш ва қуриш учун йўналтирилаётган маблағ миқдори уч ҳиссагача оширилди. Йўлсозлик йўналишидаги корхоналарнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Илк бор асфальт ётқизилган маҳалла йўллари сони уч мингтадан ошди, икки мингта тупроқ йўлларга шағал тўшалди.

Рақамлар салмоқли, лекин ҳали қилинадиган ишлар талай. Буни жамоатчилик фикрлари, “Ташаббусли бюджет” каби лойиҳаларда аҳолининг фаоллиги ҳам яққол кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 апрелда “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Мутахассислар ушбу ҳужжат мамлакат йўл қурилиш соҳасида ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишини таъкидлашмоқда. Хусусан, халқаро стандартларга жавоб берадиган цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш, қишлоқ автомобиль йўллари тармоғини ривожлантиришда муҳим лойиҳалар амалга оширилади. Шунингдек, қишлоқ ҳудудларида яшайдиган аҳолининг умумий автомобиль йўлларига чиқиш шароитлари яхшиланади.

– Қарор билан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 86 та тумандаги 272 та маҳаллада йўллар янгиланади, – дейди Автомобиль йўллари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Назаров. – Бу йўлларнинг умумий узунлиги 841 километр бўлиб, улар цемент-бетон қоплама билан янгидан қурилади. Қурилиш ва бошқа зарур ишлар маҳаллий пудратчилар томонидан амалга оширилади. Йўллар фойдаланишга қабул қилингач бош пудратчи томонидан беш йил давомида кафолатли соз ҳолатда сақланади. Эксплуатация қилинади. Бу чора-тадбирлар йўлларнинг узоқ муддат хизмат қилишини таъминлайди. Лойиҳалар амалга ошириладиган маҳаллаларда бугунги кунда 770 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Йўлларнинг яхшиланиши шунча одамнинг яшаш тарзи яхшиланишига хизмат қилади. Ҳудудга келиб-кетувчиларга қанча қулайлик яратади. Инфратузилманинг яхшиланиши тадбиркорлик муҳитини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 305 миллион доллар бўлиб, уни амалга оширишда Осиё тараққиёт банкининг улуши 240 миллион долларни, Ўзбекистон Республикасининг улуши эса 64,9 миллион долларни ташкил этади.

Осиё тараққиёт банкининг бу қарз маблағи 5 йиллик имтиёзли давр билан 25 йилга йиллик 2 фоиз ставкада ажратилади. Лойиҳани амалга ошириш муддати тўққиз йил бўлмоқда. Жумладан, қурилиш ишлари тўрт йил ҳамда сақлаш, эксплуатация қилиш ишлари эса беш йил этиб белгиланган.

Амалиётда ички йўллар тупроқ, шағал ва асфальт-бетондан иборат. Осиё тараққиёт банки ҳамда халқаро консултантлар билан ҳамкорликда ушбу янги конструкция – йўлларни цемент-бетон қоплама билан янгилаш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Хўш, бундай йўлларнинг сифати қандай бўлади?

Мутахассислар цемент-бетон қоплама билан янгиланган йўллар эллик йилгача хизмат қилиши кафолатланади дейишмоқда.

– Йўл қурилиши объектларида лойиҳани муҳандислик бошқариш ва техник назорат қилиш ишлари Халқаро муҳандис-консультантлар федерацияси (FIDIC) амалиёти ва ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади, – дейди “Цемент-бетон ички йўлларни қуриш” лойиҳаси раҳбари Абдуҳаким Жуманқулов. – Олдинги лойиҳаларда техник назорат халқаро консультант корхоналар томонидан олиб борилган. Маҳаллий консультант корхоналаримиз уларга ёрдамчи сифатида қатнашган. Илк бора бу жараёнга ўзимизнинг мутахассислар жалб қилинмоқда. Натижада юртимизда бу соҳа ҳам ривожланади, мутахассислар синфи тараққий этади.

Цемент-бетон қопламали йўлларни қуриш мамлакатимиз учун янги тажриба. Шуни инобатга олган ҳолда қурувчилар томонидан ҳар бир объект фойдаланишга топширилгандан сўнг беш йил давомида кафолатли хизмат кўрсатилади. Шу даврда йўл бузилиб кетса ўз маблағлари ҳисобидан лойиҳадагидай таъмирлайди. Бунинг учун уларнинг ўн фоизлик кафолатли маблағлари ушлаб турилади ва босқичма-босқич тўлаб борилади. Унинг тегишли тартиби ишлаб чиқилган. Белгиланган беш йил давомида йўл сифатли хизмат қилса қолган маблағ тўлаб берилади.

Шу ўринда автомобиль йўлларини қуришда ривожланган мамлакатлар тажрибасига тўхталиш ўринли. Хусусан, Америка Қўшма Штатларида транспорт воситалари йўлларининг олтмиш фоизи цемент-бетон қопламали. Бу кўрсаткич Австрияда 46, Германияда эса 38 фоизни ташкил этади. Кейинги йилларда Хитой, Япония каби давлатларда ҳам цемент-бетон йўлларни қуриш ҳажми ортмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай йўлларнинг иқтисодий самарадорлиги ҳам юқори. Улардан кўпроқ муддат таъмирсиз фойдаланиш имкони бор. Асфальт нефтни саноат усулида қайта ишлаш йўли билан олинади. Бетонни олиш жараёни эса нисбатан соддароқ. Унинг таркибий қисмида зарарли кимёвий моддалар деярли йўқ. Цемент, шағал, тош ва қум мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ишлаб чиқарилади. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати, бетон заводларни мос ҳудудга кўчириш имкони бор. Бу маҳсулотни ташиш билан боғлиқ харажатларни қисқартиришга хизмат қилади.

Бундай йўллар катта ўлчамли, оғир транспорт воситалари ҳаракатига чидамли. Ҳаракатланаётган транспорт воситалари йигирма фоизгача кам ёнилғи сарфлаши айтилмоқда. Бу қоплама ноқулай об-ҳаво шароитларига анча чидамли.

Қарорда масаланинг яна бир жиҳатига алоҳида эътибор қаратилган. Цемент-бетон қопламага ўтказиладиган йўлларнинг четига манзарали дарахт ва терак кўчатлари экилади. Уларнинг парвариши доимий назоратда бўлади.

Йўлларнинг равонлиги манзилларни яқин қилади, қимматли вақтимизни тежайди, хавфсизлигимизни таъминлайди. Муҳим соҳа – йўлсозликда амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа аҳоли фаровонлигига хизмат қилиши шубҳасиз.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири