Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 сентябрдаги “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида экологик жиҳатдан ноқулай минтақаларда яшовчи аҳоли учун “Саломатлик” поездларини ташкил этиш йўли билан чекка туманларда яшовчиларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Sog`lom avlod uchun” фонди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларига “Саломатлик” поезди ташкил этди.
Навбатдаги “Саломатлик” поездидаги юқори малакали шифокорлар гуруҳи аҳолига зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида 24 апрель куни Нукус темир йўл вокзалига етиб келди. Улар билан бирга фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ходимлари ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Ушбу инсонпарварлик ёрдами озиқ-овқат, дори-дармонлар, санитария-гигиена воситалари, кўзойнаклар, витаминлардан иборат мурувват ёрдамларидан ташкил топган.
Мазкур поезд ўз режаси давомида бориши кўзда тутилган Қўнғирот, Жаслиқ, Қорақалпоғистон станцияларига яқин ҳудудлардан ташқари, фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси орқали ҳудуддаги марказий шифохоналар, вилоят болалар ва туғруқ комплексларига ҳамда кўзи ожиз, ақли заиф ва кар-соқов болалар махсус мактаб-интернатларига ўз ёрдамини кўрсатиши режалаштирилган.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳоли, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантириш ишига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишдир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири