Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2019 йил 1 октябрга қадар импорт бўйича олиб кирилган мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситалари божхона тўловлари тўлашдан озод этилган.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ушбу давр мобайнида хориждан олиб кирилган, божхона тўловларидан имтиёз асосида расмийлаштирилган транспорт воситаларининг берилган божхона имтиёзларидан мақсадли фойдаланилиши бўйича мониторинг ишлари олиб борилганда, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Навбатдаги тезкор тадбир давомида фуқаро Е.Д., Т.Ж., Р.Ж. ва Г.Ў. бошқарувидаги “Камаз” русумли юк автотранспорт воситалари тўхтатилиб, ҳужжатлари ўрганилганда, мева ташиш учун деб олиб кирилган ушбу автотранспорт воситалари аслида “ўриндиқли тягач” бўлишига қарамасдан, ўзбошимчалик билан “самосвал” яъни ўзи кўтариб туширадиган юк автотранспорт воситасига айлантирилиб, ғишт ташилаётгани фош бўлди. Натижада, 328 миллион сўм божхона тўловлари ундирилди.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Божхона Кодексининг 22-моддаси “а” бандига асосан божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар берилган товар ва транспорт воситалари фойдаланилиши ва тасарруф этилиши чекланган, шартли чиқариб юборилган товарлар бўлиб ҳисобланади.
Мазкур модданинг иккинчи қисмида, шартли чиқариб юборилган товарлардан фақат божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар бериш шартларига мувофиқ бўлган мақсадда фойдаланилиши мумкин. Ушбу товарлардан улар нима мақсадда шартли чиқарилган бўлса, фақат ўша мақсадда фойдаланилиши лозимлиги ҳамда божхона тўловлари бўйича берилган имтиёзлар тўланган тақдирда шартли чиқариб юборилган товарлардан бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилиши қайд этилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА