Мўйноқда электр энергияси таъминоти янада яхшиланади

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги махсус штаби ҳудудларда аҳоли ва бюджет ташкилотларини 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумида электр энергияси билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманига борди.

Таъкидлаш жоизки, Мўйноқда ўтган йилнинг октябрь ойида истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида Мўйноқ туман электр таъминоти корхонасининг янги биноси фойдаланишга топширилган эди.Мазкур уч қаватли замонавий бинода барча қулайликларга эга бўлган 120 ўринли холл ва заллар бунёд этилган. Қолаверса, рўйхатга олиш ишларини тизимли равишда йўлга қўйиш мақсадида замонавий талабларга тўла жавоб берувчи мониторлар ҳамда бепул Wi-Fi тармоғи ҳам жорий қилинган. Бундан ташқари, мижозлар учун қорақалпоқ, ўзбек ва рус тилларида маълумотлар электрон таблоларда акс этиб туради.

Айни кунга қадар Мўйноқ туманидаги истеъмолчиларни куз-қиш мавсумида барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида узунлиги 40 километр бўлган электр узатиш тармоқлари ва 20 та трансформатор пункти капитал таъмирланди. Шунингдек, умумий узунлиги 38 километр бўлган электр узатиш тармоқлари ва 6 та трансформатор пункти реконструкция қилинди. Бундан ташқари, 143 километр электр узатиш тармоқлари ва 56 дона трансформатор пункти жорий таъмирланди.

photo_2020-09-18_18-12-47.jpg

«Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти Матбуот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчиларига 2020-2021 йил куз-қиш мавсумида жами 733,4 миллион кВт.соат электр энергияси етказиб бериш режалаштирилган. Бу ўтган мавсумга нисбатан 67,1 миллион кВт.соатга ёки 10,1 фоизга кўпни ташкил қилади.

Оролбўйи истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлаш учун узунлиги 20,4 минг километр бўлган электр узатиш тармоқлари ва 4 минг 976 та трансформатор пунктларидан фойдаланилади.

Жорий йил 1 октябрга қадар 1552,1 километр электр узатиш тармоқлари ва 443 та трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланади. Бугунги кунга қадар жами 52 та трансформатор пункти, 60 тонна трансформатор мойи ва 49,2 километр кабель маҳсулотларининг захираси яратилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА