Ўзбекистон – Россия инвестиция ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболига янгича қараш

Тошкент шаҳридаги Халқаро бизнес-марказида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Россия тадбиркорлари ва давлат тузилмалари вакилларидан иборат бизнес миссияси раҳбари сифатида Ўзбекистонда бўлиб турган “ВЭБ.РФ” Давлат тараққиёти корпорацияси раиси Игорь Шувалов билан учрашуви бўлиб ўтди.

1aa5eebf-ab29-406f-8b72-5c896601e04b.jpg

1922 йилда ташкил этилган “ВЭБ.РФ” Давлат тараққиёт корпорацияси ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга ошириш, модернизация ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашадиган, 51 миллиард доллар активларга эга бўлган Россиянинг энг йирик тараққиёт институти ҳисобланади.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги стратегик шерикликнинг юқори даражасини таъкидладилар. Турли даражадаги икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш орқали иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлигини янада ривожлантиришга содиқлик билдирилди.

1f052102-7504-481e-b5f8-42cf3f5c5a30.jpg

Маълумот учун: “ВЭБ.РФ” кўмаги билан бугунги кунда Ўзбекистонда энергетика, металлургия, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 3,5 миллиард еврони ташкил этадиган 24 та лойиҳа амалга оширилмоқда ва ишлаб чиқилмоқда.

“ВЭБ.РФ” раҳбарияти икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигининг кўп қиррали хусусиятини эътироф этиб, ишбилармонлар шериклигини мустаҳкамлаш, илғор саноат технологияларини жорий этиш ва барқарор кооперацион алоқалар ўрнатиш учун кенг имконият мавжудлигини таъкидлади.

Учрашув давомида инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш, пандемия шароитида икки мамлакат иқтисодиёти биргаликда ишлаши нуқталарини аниқлашга қаратилган мулоқотни ривожлантиришга ўзаро тайёрлик, шунингдек, ёқилғи-энергетика, тоғ-кон, фармацевтика, машинасозлик тармоғида, шаҳар инфратузилмаси, туризм, ахборот-коммуникация технологиялари ва транспортни ривожлантириш соҳаларида янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Учрашувдан сўнг “Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигининг асосий йўналишлари ва қўшма лойиҳалари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Мулоқотда Россия томонидан Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги, “ВЭБ.РФ” Давлат тараққиёт корпорацияси, “Россия экспорт маркази» АЖ, “BMB NRC AGROLOGISTICS”, “Силовые машины”, “Ростех”, “Камаз”, “Трансмашхолдинг”, “МетПром”, “Уралмашзавод”, “Газпромбанк” каби Россиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарияти, Ўзбекистон томонидан эса вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари раҳбарлари ва бизнес вакиллари иштирок этди. Ишлаб чиқилаётган қўшма инвестициявий лойиҳаларни, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, бизнес ҳамкорликни ошириш истиқболи муҳокама қилинди.

Россия ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида инвестиция, технология ва саноат кооперацияси соҳаларидаги ҳамкорликнинг юқори ривожланиш суръати ва кўлами таъкидланди. Масалан, “Силовые машины” АЖ айни пайт Сирдарё ва Фарҳод гидроэлектростанциялари электр блокларини модернизация қилиш ишларини амалга оширмоқда. “Ростех” Давлат корпорацияси билан биргаликда Ўзбекистонда машҳур “КАМАЗ” юк ташиш автомобилларини йиғиш лойиҳаси ўзлаштирилди.

Мулоқот давомида, шунингдек Россия бизнес ҳамжамияти вакиллари ўз компанияларининг технологик ва инвестициявий салоҳияти ҳақидаги маълумотларни тақдим этиб, Ўзбекистонда фаолиятни ривожлантириш истиқболи ҳақидаги тасаввурлари билан ўртоқлашди.

Энергетика, қишлоқ хўжалиги логистикаси, металлургия, транспорт ва таълим соҳаларида аниқ лойиҳавий таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни янада кучайтириш механизми юзасидан фикр алмашилди. Энг устувор тармоқ ва соҳаларда аниқ келишувларга эришишга қаратилган амалий ҳаракатлар келишиб олинди.
Давра суҳбати якунида “ВЭБ.РФ” Давлат тараққиёт корпорацияси ва Ўзбекистон Республикаси “Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки” АЖ ўртасида Россия Банкининг молиявий хабарлар узатиш тизимида электрон хабарлар билан алмашиш шартлари тўғрисида Битим, ҳамда “ВЭБ.РФ” Давлат тараққиёт корпорацияси ва “KAMAZ ASIA LEASING” МЧЖ ҚК ўртасида “КАМАЗ” русумли автомобиль ва махсус техника сотиб олишни молиялаштириш учун кредит шартномаси имзоланди.

 

ЎзА