Қорақалпоғистонлик олима халқаро танлов ғолиби

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети «Ижтимоий фанлар» кафедраси доценти, социология фанлари номзоди Хатира Камалова Россия Федерациясининг Илмий ғоялар маркази (Центр научный мысли) томонидан ўтказилган «ХХI аср инновацион технологиялари» мавзусидаги V халқаро илмий мақолалар танловида биринчи ўринни эгаллади.
Қорақалпоғистонлик олиманинг «Ўзбекистонда замонавий гендер сиёсатининг ҳолати» мавзусидаги илмий мақоласи ҳайъат аъзолари томонидан биринчи ўринга лойиқ деб топилди.
Х.Камалова 46 йиллик меҳнат фаолиятининг 39 йилини ёшлар таълим-тарбиясига бағишлади. 2004 йилда Ўзбекистон Миллий Университети ҳузуридаги ихтисослашган кенгашида «Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий жараёнларнинг мониторинги” мавзуcида «Социология назарияси, методологияси ва тарихи» ихтисослиги бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Ўқув юкламасида кўрсатилган барча фанлар бўйича ўқув материаллари «Moodle» тизимига киритилган бўлиб, шу асосда таълим бериш самарасини амалга ошириш учун астойдил ҳаракат қилади. Ҳар бир дарсини янги дастурлар асосида тайёрлаб, кўргазмали воситалар, ахборот-коммуникация технологияларидан, электрон ва мультимедиа таълим ресурсларидан фойдаланган ҳолда олий таълимнинг замонавий талаблари даражасида олиб боради.– Илмий мақолам нуфузли танловда ғолиб бўлганидан хурсандман,-дейди социология фанлари номзоди, доцент Хатира Камалова. – Унда бугуннинг долзарб масалаларидан бири бўлган мамлакатимиздаги гендер сиёсати тушунчаси, унинг мазмун-моҳияти ва ҳозирги даврдаги муаммолари ҳақида сўз юритилади.

Олиманинг шу кунга қадар 66 та илмий ва 4 та ўқув-услубий қўлланмаси нашр этилди. Илмий журналларда 16 та, нуфузли хорижий журналда 8 та, шундан жорий йилнинг ўзида 15 та илмий мақоласи чоп этилди.

Х.Камалова 2013 йилдан бошлаб социологик тадқиқот ўтказиш марказида тадқиқотчилар гуруҳига раҳбарлиқ қилмоқда. Ушбу гуруҳ 2013-2018 йиллар давомида бир неча долзарб мавзулар бўйича социологик тадқиқотлар ўтказди.– Олий таълим муассасамизда бугунги кунда 255 нафар хотин-қиз профессор-ўқитувчи фаолият олиб бораётган бўлса, шундан 100 нафардан зиёдини фан номзоди ва доцент, 12 нафарини турли соҳалар бўйича фан доктори (DSc) ташкил этади, – дейди Қорақалпоқ давлат университети ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Инжойим Сейтназарова.– Профессор-ўқитувчиларимиз ва талаба ёшларимиз ҳар йили турли танловларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.

Янги ўқув йили арафасида «Ижтимоий фанлар» кафедраси доценти, социология фанлари номзоди Хатира Камалованинг мазкур танловда биринчи ўринни эгаллаши Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллигига байрам туҳфаси бўлди.
«ХХI аср илмий технологиялари» мавзусидаги V халқаро илмий мақолалар танлови ғолиби ташкилотчилар томонидан диплом ва медал билан тақдирланди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА