Президентимизнинг 2020 йил 7 апрелдаги “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 47 та тиббиёт коллежи Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари сифатида қайта ташкил қилинган эди.
Жумладан, мазкур қарор ижроси юзасидан Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Хўжайли туманларида ҳам Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми ташкил этилган эди. Айни пайтда ушбу коллежларга 2020-2021 ўқув йили учун ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
2020-2021 ўқув йили учун техникумларга қабул параметрларига кўра, Нукус шаҳридаги Жамоат саломатлиги техникумига давлат гранти асосида 21, тўлов-шартнома асосида 909, Қўнғирот туманида давлат гранти асосида 12, тўлов-шартнома асосида 318, Хўжайли туманида эса давлат гранти асосида 26, тўлов-шартнома асосида 574 ўқувчи қабул қилиниши белгиланган.
Бу ерда бўлажак соғлиғимиз посбонлари ҳамширалик, фельдшер-акушерлик, стоматология, фармация ва фельдшер-лаборантлик иши каби йўналишларда таҳсил олади. Биология, тиббий психология, нутрициология, диетология, фармакология, кинезиология, реабилитология ва профпатология фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади.
Ўқув режа ва дастурлари илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилади. Дарслар тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларининг тажрибали профессор-ўқитувчилари иштирокида масофадан ўқитилади.
Техникумни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бўлган тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларининг бакалавриат таълим йўналишига кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали ўқишга қабул қилинади. Улар ўқишни олий ўқув юртларининг 2-курсидан бошлаб давом эттиради.
Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларига ҳужжатлар шу ойнинг 25 сентябрига қадар қабул қилинади.
Е.ҚАНОАТОВ, ЎзА