Суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари белгиланди

Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш тизими, жиноий иш юритишнинг барча босқичларида халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этиш суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг муҳим йўналишларини белгилайди. Амалдаги қонунчилик таҳлили, жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлигини ва жиноят ишларини тергов қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ваколатларини аниқ белгилаш билан боғлиқ бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини янада яхшилаш ва жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Фармон билан суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш, жиноят процессида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибада кенг қўлланиладиган исботлаш стандартларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, содир этилган ҳар бир жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини ҳамда шахс, жамият ва давлатга етказилган зарар тўлиқ қопланишини таъминлаш;
шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий қилиш, шунингдек, бундай қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш;
жиноят ишларини тергов қилиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини ошириш;
жиноятчиликнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уларда қонунга итоатгўйлик руҳини шакллантириш механизмини жорий қилиш.
Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан эътибор берилиши лозим бўлган асосий масалалар, терговга қадар текширув ёки терговда ушланган шахсни ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида асосий тартиб-таомиллар ва судланганлик ҳолати билан боғлиқ асосий қоидалар Фармонда қуйидагича ўз ифодасини топди.
Жумладан, мазкур Фармон билан қуйидагилар тақиқланиши белгиланди:
терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш.
шахсни жиноят ишида гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда (экспертиза ёки тафтиш ўтказиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно), уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, шунингдек, унга гумон қилинувчи ёки айбланувчининг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш;
ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш;
суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган жиноят иши доирасида судланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва бошқа суд процесси иштирокчиларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ёки сўроқ қилиш.
Бундан ташқари, Фармон билан терговга қадар текширув ёкитерговда ушланган шахсни ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган маҳкумни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини гувоҳлантириш уларнинг ёки адвокатининг илтимосномасига асосан 24 соат ичида вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари ёки жазони ижро этиш муассасалари тасарруфида бўлмаган тиббий муассасалар ходимлари томонидан амалга оширилиши шарт, бунда харажатлар илтимоснома киритувчи тараф ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилди.
Оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилмаслигига оид қоида вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ва эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Фармонга кўра, вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари ҳамда пенсия ёшига етган шахсларга нисбатан уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.
Мазкур қонун ҳужжати билан мутасадди идораларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган ҳолларда жиноят иши бир суриштирув ёки дастлабки тергов органидан бошқасига ўтказилиши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан амалга оширилиши мумкинлигини назарда тутувчи жиноят ишининг терговга тегишлилиги институтини янада такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш юклатилди.
Қайд этилганлардан келиб чиқиб шуни хулоса қилиш мумкин, яъни мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш кафолатларини янада кучайтириш билан биргаликда суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилайди.
Д.БАЗАРОВА,
 
Тошкент давлат юридик университети профессори

 

ЎзА