Коронавирусга чалинган 1 киши бир кунда 90 тагача фуқарога касалликни юқтириш ҳолати учрамоқда...

Бу Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси Қаҳрамон Сариевнинг аҳолига йўллаган мурожаатида алоҳида таъкидланди.
Барчангизга маълум бугунги кунда коронавирус пандемияси бутун дунё аҳолисини ташвишга солмоқда. Минг афсуски, коронавирус инфекцияси мамлакатимиз аҳолиси орасида ҳам кун сайин кенг тарқалмоқда. Бу асосан фуқароларимиз томонидан ўзини эҳтиёт қилмасдан, касаллик хавфини тушунмай, карантин талабларини бажармаганлиги оқибатида юзага келмоқда.
Қайд этилганидек, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, биринчи навбатда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 10 минг 543 нафар фуқаро карантин назоратига олинган. (шундан 437 нафари тиббиёт муассасасида, 10106 нафари уй шароитидаги карантинда).
Шунингдек, COVID –19 билан касалланган беморларни даволаш, уларни зарур дори ва ҳимоя воситалари билан таъминлаш юзасидан барча чоралар кўрилмоқда. Хусусан, беморларни даволаш учун 790 ўринли 8 та стационар клиника ва махсус шифохоналар йўналтирилган. Коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони ортиб кетган тақдирда даволаш жараёнларини ташкил этиш учун тиббиёт муассасаларида 3 мингдан ортиқ койка ўрин захира қилиниб, тайёр ҳолатга келтирилди. Бундан ташқари, Нукус шаҳрида 1000 ўринли карантин сақлаш мажмуаси ва 100 ўринли махсус шифохона қурилмоқда.
Ушбу тиббиёт муассасаларида беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун 2 минг 74 нафар шифокор ва 13 минг 327 нафар тиббиёт ходими хизмат кўрсатиши белгиланган. Беморлар билан алоқада бўладиган шифокор ва тиббиёт ходимлари барча ҳимоя воситалари билан таъминланган. Ҳозирда тиббиёт муассасалари зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланган, жумладан, 47 та сунъий нафас бериш аппарати (ИВЛ), 92 та шприцли дозатор, 68 та кардиомонитор ва 300 та кислород баллони ва кислород етказиб бериш билан таъминланган. Шунингдек, 1 миллиард сўмлик 700 дан ортиқ беморга етадиган дори воситалари захираси шакллантирилган. Бугунги кунга қадар барча тиббиёт муассасаларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 5 миллиард сўмлик тиббий асбоб-ускуна, дори воситалари ҳамда ҳимоя воситалари етказиб берилди. Ушбу дори воситалари COVID-19 билан касалланган беморларга бепул берилмоқда.
Бугунги кунда фуқароларда коронавирус касаллигини аниқлаш учун тест синовларини топшириш 3 та ўринда (6 та ПЗР аппарати мавжуд) ташкил этилиб, 44 мингдан ортиқ фуқаро текширилди. Қўшимча 6 та тест топшириш аппарати (ПЗР) яқин кунларда олиб келиниши режалаштирилган. Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш, касаллик белгилари мавжуд фуқароларни шифохоналарга етказиш учун Нукус шаҳрида 20 та мобил бригада ва Вазирлар Кенгашининг захира маблағлари ҳисобидан барча туманларда 5 ва 6 та мобил бригада ташкил этилди. Қўшимча равишда яна – 20 та Дамас автомашинаси мобил бригадаларга берилди. Тез ёрдам бригадаларида 838 нафар шифокор ва 1091 нафар фельдшер хизмат кўрсатмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимида қисқа рақамли call-center ташкил этилиб, куну-тун хизмат қилмоқда. Фуқароларимиз бу ердан зарур тиббий маслаҳат ва ёрдам олишлари мумкин.
Пандемия даврида кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш энг муҳим вазифа сифатида қаралмоқда. Бу борада, «Саховат ва кўмак» жамғармасига ҳомийлар томонидан 6 миллиард 700 миллион сўм келиб тушган. Шундан, 11 минг 593 та оилага 2 миллиард 740 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилди. Ҳозирда жамғармада 4 миллиард сўм маблағ мавжуд бўлиб, барча муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш имконияти бор.
Шуни алоҳида қайд этишим жоиз, ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларига мурожаатларни қабул қилиш мақсадида 1197-қисқа рақамли телефон тармоғи (call-center) ишга туширилди. Шунингдек, ҳар бир шаҳар ва туманларда махсус телефон рақамлари ёрдам кўрсатиш учун ишлаб турибди. Ҳар бир ёрдамга муҳтож фуқаро ушбу call-center-га мурожаат қилиб, қисқа муддат ичида зарур озиқ-овқат ва дори-дармон воситаси билан таъминланмоқда.
Яна бир муҳим масалалардан бири зарур озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари захирасини яратиш, нархларнинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш борасида барча чоралар кўрилмоқда. Хусусан, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотига бўлган талаби ҳисоб-китоб қилиниб, белгиланган ҳажмларда ишлаб чиқариш учун фермер ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларига баҳор ойларида зарур қишлоқ хўжалиги экинлари экилди.
Нархлар ўсишининг олдини олиш мақсадида Нукус шаҳри ва туманларда (шу жумладан олис қишлоқларда) жами 200 тадан ортиқ кўчма савдо ярмаркаси ташкил этилиб, ун, гўшт, ўсимлик ёғи, гуруч, картошка, пиёз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда сотилиши йўлга қўйилди.
Бугунги кунда коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш борасида кучайтирилган карантин талаблари жорий этилиши ҳамда жудаям кўплаб тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамасдан фуқароларимиз бу касалликнинг хавфини тушуниб етмаяпти. Натижада фуқароларимиз томонидан кўчаларда тўпланиб юриш ёки зарурат бўлмаганда ҳеч қандай ишсиз, бекорга кўчаларда юриш ҳолатлари, тиббий ниқоблар тақмасдан карантин талабларини бузиш ҳолатлари учрамоқда.
Хусусан, 16219 та ҳолатда фуқароларимиз маъмурий жавобгарликка тортилди (шундан 2 таси жиноий жавобгарлик), буларнинг аксарият қисми жамоат жойларида ниқобсиз юриш билан боғлиқ бўлмоқда. Шуни алоҳида айтиб ўтиш жоиз, фуқароларимизнинг эътиборсизлиги, ижтимоий масофа сақламасдан юришлари оқибатида 1 нафар касалга чалинган фуқаро бир кунда 90 тагача фуқарога юқтириш ҳолати учрамоқда. Албатта бундай ҳолатлар барча фуқароларимизга сабоқ бўлиши шарт.
Шу нуқтаи назардан, фуқароларимиздан бу касалликнинг қанчалик хавфли эканлигини юрагидан ҳис қилган ҳолда, карантин тартиб-талабларига қатъий амал қилишларини, биринчи навбатда ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда шахсий гигиена ва санитария қоидаларига қатъий амал қилиб, биргаликда касалликнинг олдини олишларини, Ички ишлар, Миллий гвардия ва Санитария-эпидемиология назорати ходимлари ҳамда шифокорларнинг тавсияларига амал қилишларини сўраган бўлардик. Коронавирус пандемияси даврида халқимиз билан янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни албатта енгиб ўтамиз.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА