Хабарингиз бор, дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 2025 йилги нуфузли мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Австриянинг Миттерзиль шаҳрида ташкил этилган халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этмоқда.

Жорий йилнинг 17 январь кунига қадар давом этадиган мазкур йиғинда дунёнинг 60 дан зиёд давлатидан келган дзюдочилар машғулот ўтказмоқда. Унда терма жамоамиз таркибида Баҳром Ботиров, Муродил Муродиллаев, Абдураҳим Нутфуллаев, Замоҳшари Бекмуродов, Шаҳрам Аҳадов, Обидхон Номонов, Шаҳзодхўжа Шарипов, Азизбек Авазмуродов, Музаффарбек Тўрабоев, Алишер Юсупов, Ҳалимажон Қурбонова, Диёра Келдиёрова, Нилуфар Эрмаганбетова, Шукуржон Аминова, Ширинжон Йўлдошева ҳамда Ирисхон Қурбонбоева каби маҳоратли полвонлар иштирок этмоқда.

Машғулотлар жараёнида дзюдочилар жисмоний ҳолатни бир маромга келтирувчи машқлар, турли техник-тактик усулларни ўз ичига олган машғулотлар билан шуғулланмоқда. Шунингдек, турли мамлакат дзюдочилари ўртасида ўзаро спарринг беллашувлари ҳам ташкил этилиши белгиланган.

Маълумот ўрнида: ўтган 2024 йил ҳам дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари айнан Миттерзиль шаҳрида йиғин ўтказган эди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА