«Саховат кўмаги»ни Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, Туркиянинг мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик агентлиги (TIKA) раҳбари ва бошқа расмий делегация вакиллари топширди.
Гулистон шаҳридаги Алишер Навоий хиёбонида Туркиядан келтирилган гуманитар ёрдамни кузатиб келган делегация аъзоларини Сирдарё вилояти ҳокими Ғ. Мирзаев бошчилигида вилоят прокурори Равшан Машарипов ва бир гуруҳ меҳнат фахрийлари ва мутасаддилар кутиб олди.
Ўз навбатида, Туркия давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни ривожлантириш йўлида олиб бораётган бу қадар улкан ишлар ҳали мамлакатлар тарихида бўлмаганини ва бу хайрли амалларда икки давлат раҳбарларининг улкан ҳиссаси борлигини қайд этди.
Туркиянинг мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик агентлиги (TIKA) Сардоба фожиаси жабрдийдаларига яна бир бор гуманитар ёрдам жамламасини етказиб бермоқда. Бу галги инсонпарварлик ёрдами 4000 комплект кўрпа-тўшак, ёстиқ ва ётоқ жамламаларини ўз ичига олган бўлиб, 6 та «Фура» махсус юк ташувчи машиналарида олиб келинди.
Туркия томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами Гулистон шаҳридаги «Алпомиш» спорт мажмуасида ташкил этилган вақтинчалик омборга туширилди.
Вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган аниқ чора-тадбирларга асосан инсонпарварлик ёрдами тошқиндан зарар кўрганлар, ёрдамга муҳтож оилаларга тарқатилди.