Хорижда ўқиш учун 20 минг 300 АҚШ доллари тўлаганлар алданиб қолди

Хорижий давлатлардаги олий ўқув юртларига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилаётганлар кўпайиб қолди.

Аммо уларнинг ҳаммасига ҳам ишониб бўлмайди. Андижон вилоятининг Асака туманида фуқароларни Кореяга ўқишга юбориш мақсадида очилган муассаса ҳам бундан мустасно бўлмади.Мазкур муассаса фуқаролардан шу мақсадда 20 минг 300 АҚШ долларини олган. Бироқ, тўпланган катта миқдордаги пул муассаса раҳбарларини қинғир йўлга бошлади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Асака тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширишда “S” нодавлат таълим муассасаси раҳбари Т.Н. ва бошқалар 2019 йил давомида бир неча фуқаронинг ишончига кириб, уларни Корея давлатидаги олийгоҳларга ўқишга киритиб қўйиш ҳамда виза олиб бериш эвазига 20 минг 300 АҚШ доллари ва 8 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Н.Т. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

ЎзА