27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли публицист Нусрат Раҳматни кўпчилик яхши танийди. Қалами ўткир, сўзи салмоқли ижодкор. Нусрат ака қишлоқ хўжалик институтини битириб, қисқа вақт энтомолог бўлиб ишлагани, аммо талабалик давридан хабар ва мақолалар ёзиб, таҳриятлар эътиборига тушгани учун Самарқанд вилоятининг бош газетасига ишга таклиф қилишгани ва шу билан бу инсоннинг ҳаёти журналистикага боғланганини ҳам кўпчилик яхши билади.
Нусрат аканинг вилоят, кейинчалик республика газета ва журналлари ўткир чиқишлар қилгани, ўнлаб китоблар нашр этгани ва ҳатто бир китобининг қалам ҳақига машина олганини ўз вақтида, ҳатто бугун ҳам у кишининг сафдошлари, шогридлари завқ билан ҳикоя қилишади. Гоҳида у кишининг ўзи ҳам бу ҳақда эслаб, қайси мақолани қандай ёзгани, хизмат сафарларида қандай саргузашту воқеалар бошидан ўтганини гоҳ маҳзун, гоҳ хандон отиб кулиб эслайди. Буям қай бир жиҳати билан биз учун сабоқ, мактаб бўлади.
Устознинг яна бир ўзига хос, бошқаларга ўхшамаган одати борки бу у кишини яқиндан таниганларга яхши маълум. Билмаганлар учун эса албатта, қизиқарли. Гап Нусрат аканинг қошиқлар коллекцияси ҳақида.
Ҳар кимнинг қизиқиши турлича-да – биров турли хил тангаларни тўплайди, бошқаси марка, конверт йиғади, кимлардир жониворларга қизиқади, яна кўпчилик ўйинчоқлар, эсдалик буюмлари коллекциясини яратишга интилади. Бу масалада Нусрат аканинг “ишқи” қошиқларга тушган.
– Ҳар бир халқнинг ўз овқатланиш, ошхона маданияти бўлгани сингари улар фойдаланадиган қошиқлар ҳам бир-биридан фарқ қилади, – дейди Нусрат ака. – Тўғри, бугунга келиб ҳамма жойда асосан, металл, елим қошиқлардан фойдаланишади. Ўзимиз ҳам бунга кўникиб қолганмиз. Лекин мкен ёғочдан ёки бошқа табиий буюмлардан ясалган қошиқларга қизиқиб, уларни тўпалаганман. Бу қошиқларнинг ҳар бири қайсидир бир халқнинг, элатнинг тарихи, маданияти, анъаналарини ифодалайди. Афсуски, бугун қошиқ ясайдиган уста, ҳунармандлар ҳам йўқ, сабаби бунга эҳтиёж йўқолиб кетди. Қашқадарёда бир устани танирдим, ҳозир у киши бу дунёдан ўтган. Замон зайли шунақа экан-да. Билмадим, энди бундай қошиқлар фақат эсдалик учун тайёрланадими, агар шу ишга қунт қиладиган уста бўлса, албатта. Хуллас, қирқ йил давомида икки юздан ортиқ, бир-бирига ўхшамайдиган қошиқларни тўпладим. Қайси юртда бўлсам, бозорлар, антиквар ва совғалар дўконларидан ёғоч қошиқ изладим. Кейинчалик, мени бу қизиқишимни билган фарзандларим, қариндош-уруғлар, дўстларим ҳам четга борсалар, энг яхши совға деб, қошиқ кўтариб келадиган бўлишди.
Нусрат ака ҳозир уйида битта хонани қошиқлар ва иш фаолияти давомида ўзи фойдаланган ашёлар, китоблар, суратларга ажратган. Ҳафсала қилиб, уларни тартиб билан жойлаштирган, мисоли бир кичик музей. Бу музейнинг раҳбари ҳам, ашёлар ҳақида ҳикоя қилувчи ҳам устознинг ўзи.
– Мана бу қошиқни менга жондек укам, ҳамкасбим, раҳматли Миршариф Хўжаев совға қилган, – дейди Нусрат ака бир томони қошиқ, иккинчи томони санчқи тарзида ёғочдан ишланган буюмни кўрсатиб. – Яҳудийларнинг қошиғи. Минг йиллик тарихига эга. Ҳа, айтганча, Хитой императорларининг ўн асрлик қошиқлари ҳам коллекциямнинг бир бўлаги. Эътиборлиси, бу қошиқларнинг бири суюқ овқатлар учун, иккинчиси қуюқ таомларга мўлжалланган. Ҳиндларнинг Брахма ҳайкалчаси нақш этилиб ясалган ёки африкаликларнинг кокос ёнғоғи пўчоғидан тайёрлаган, туркларнинг мармардан ишланган қошиқлари, булғорларнинг май ичишга мўлжалланган қошиғи ҳам бугун анча камёб. Ҳатто чиғаноқдан тайёрланган қошиқлар бор бу ерда. Русларнинг қошиқлари рангланиб, зеб берилгани билан фарқланса, ўзимизнинг қошиқлар бўялмагани билан ажралиб туради. Лекин ота-боболаримиз, момолармиз иссиқ таомга қайси, сут ва қатиқ учун қанақа қошиқ ишлатиш кераклигини яхши билишган, уларнинг кўриниши, дастасининг узун ёки қисқалигига қараб фарқлашган.
Кейин Нусрат ака Чингиз Айтматов, Машраб Бобоев, Ошиқ Эркин ва бошқа ижодкор дўстлари совға қилган қошиқларни кўрсатиб, улар билан боғлиқ қизиқарли воқеаларни сўзлайди.
– Чингиз Айтматов билан Москвада ўтказилган бир анжуманда кўришгандим, – деб сўзида давом этади устоз журналист. – Танаффус пайтида олдига бориб, салом-алик қилдим ва ўзимни таништириб, “Мен редакцияданман…” (қайта нашрида бу китобни “Мен мухбирман” деб ўзгартирганман) деган китобимни бердим. Орадан бир неча йил ўтгач, қадрдоним Анвар Жўрабоев (ўша пайтда “Марказий Осиё маданияти” газетасининг муҳаррири эди у) Чингиз оға билан учрашганида буюк ёзувчи мен ҳақимда сўрайди ундан. Китоб ва мақолаларим, ижодим тўғрисида гапирган Анвар суҳбат орасида менинг қошиқ тўплаш “одатим” ҳақида ҳам айтади. Шунда Чингиз Айтматов битта қошиқ тутқазиб, “Буни мендан совға сифасида Нусратга беринг” дейди. Ҳозир бу қошиқ менинг коллекциямдаги энг қадрли ашёлардан бири. Ҳар гал уни кўрганимда, қўлга олганимда буюк адиб билан боғлиқ хотираларни ёдга оламан.
Бу хонадан ўрин олган, Нусрат ака илк бор фойдаланган ҳарф териш машинкаси ва биринчи компьютери, китобларининг дастлабки нусхалари, саҳифалари сарғайиб кетган газеталар, бугун камёб бўлган оқ-қора суратлар – ҳамма-ҳаммаси саксон ёш остонасидаги отахон журналист ҳаётининг бир бўлаги. Уларнинг ҳар бири билан боғлиқ ширин хотиралари бор.
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА