Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, давлат мактабгача таълим ташкилотларининг тарбияланувчиларни қабул қилишга пухта тайёрлаш, шу жумладан санитария-гигиеник қоидалар ва хавфсизлик чораларини тўлиқ таъминлаш мақсадида уларнинг фаолиятига жорий йилнинг 1 августидан бошлаб рухсат берилади.
Бунда:
– давлат мактабгача таълим ташкилотлари бинолари доимий равишда дезинфекция қилинади, уларга кириш-чиқиш жойлари пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшаклар” билан жиҳозланади;
– ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопдан фойдаланади ва ижтимоий масофани сақлайди;
– тана ҳарорати 37*С ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчилар машғулотларга киритилмайди.
– Шу билан биргаликда, 2020 йил 15 июндан бошлаб “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилган бўлиб, бунда мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш тўғрисидаги чеклов бекор қилинди.
Бунда, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчилар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин чекловларига қатъий риоя этилиши бўйича масъулият мактабгача таълим ташкилоти маъмурияти ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига бирдек юклатилади.
ЎзА