Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида аҳолини, шу жумладан, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги вазифаларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Оролбўйининг барча ҳудудлари сингари Тахтакўпирда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 ноябрдаги «Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш доирасида қатор лойиҳалар олиб борилмоқда.
Тумандаги «Агрокомплекс Қорақалпоғистон» Ўзбекистон – АҚШ қўшма корхонаси шаклидаги масъулияти чекланган жамиятида бугунги кунда Қозоғистондан келтирилган 178 бош наслли мол боқилмоқда. Яқин кунларда Германия давлатидан 124 бош наслли мол олиб келинади. Бу ерда келажакда чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлайдиган цех барпо этиш режалаштирилган.
Туманда аҳоли, шу жумладан, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг бошида фойдаланишга топширилган «BARNO-TEKSTIL-PLYUS» масъулияти чекланган жамиятида 45 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда.
Корхона раҳбари Улбосин Аннабоеванинг таъкидлашича, яқин кунларда ишчилар сони 150 нафарга етказилади. Чевар қизлар томонидан тайёрланаётган 15 хилдаги маҳсулот ички бозорда сотилаётган бўлса, келажакда Россия Федерацияси, Туркия давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган.
Бугунги кунда туманда 1000 томошабинга мўлжалланган замонавий футбол ўйингоҳи, мактабгача таълим ташкилоти, Бандликка кўмаклашиш маркази, Давлат хизматлари маркази биноларининг қурилиши, Маданият саройи, туман тиббиёт бирлашмаси, иккита умумтаълим мактаби иморатини реконструкция қилиш ишлари давом этмоқда.
Пандемия даврида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида 356 та оилага озиқ-овқат маҳсулоти, 10 бош қорамол, 34 бош қўй-эчки, 600 та жўжа топширилди. Карантин шароитида ишсиз қолган 246 нафар фуқарони қишлоқ хўжалигига, 225 нафарини қурилишга, 15 нафарини ишлаб чиқаришга, 406 нафарини бошқа соҳаларга ишга жойлаштириш чоралари кўрилди.
Туманда иккита қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилди. Уларга 104,3 миллион сўм субсидия ажратилиб, кам таъминланган оилалардан 46 нафар фуқаро иш билан таъминланди. Жорий йилнинг ўтган даврида 1475 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилди.
«Ҳар бир оила тадбиркор», «Ёшлар келажагимиз» Давлат дастурлари асосида 13,8 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Йил бошидан буён 74 та иссиқхона ташкил этилди.
Ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида 2500 гектар ер майдони ажратилиб, унинг 250,9 гектарига маккажўхори, беда, кунгабоқар ва бошқа озуқабоп экинлар экилди.
Натижада 32 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Давлат дастури асосида 2 нафар ёшга 135 миллион сўм кредит, 10 нафар ёшга иморат қуриш учун ер участкаси, 1 нафар ёшга бўш турган иморат берилди. Яқин кунларда туманда замонавий иссиқхона ташкил этиш, ёшларга 2 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилиши қайд этилди.
Тадбирда ёшлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва улар бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА