Европа Иттифоқининг савдо бўйича комиссари билан музокаралар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Европа Иттифоқи савдо бўйича комиссари Ф.Хоган ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Видеоконференция шаклида ташкил этилган мулоқот чоғида коронавирус тарқалишига қарши курашда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор ва долзарб йўналишлари муҳокама қилинди.
Республика ҳукумати номидан Европа томонига пандемиянинг Ўзбекистон ижтимоий – иқтисодий ривожланишига таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 36 миллион евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилгани учун миннатдорлик билдирилди.
“COVID-19”нинг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш ва қамбағалликни қисқартириш бўйича келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари аниқлаб олинди. Айни мақсадда Европа Иттифоқининг 2021-2027 йиллар учун навбатдаги бюджет даври доирасида молиялаштиришнинг сезиларли қисмини йўналтириш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим лойиҳаси бўйича келишишни тезлаштириш борасидаги ишларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди. Бу жараёнда музокараларнинг навбатдаги 6-чи босқичини тез орада онлайн тарзда ўтказиш масаласи кўтарилди.
photo_2020-06-11_10-50-52.jpg
Республикамизнинг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳнинг 4-чи йиғилишига тайёргарлик кўриш доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга, шунингдек, Ўзбекистон – ЕИ – “ПБТ+” имтиёз тизими бенефициар мамлакат мақомини олиши жараёнига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар давомида молиявий-техник ҳамкорликни ривожлантиришнинг ижобий суръати қайд этилди. Европа томонига умумий қиймати 40 миллион еврога тенг “Қишлоқ хўжалиги соҳасини бюджетдан қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистонга қўшимча ёрдам” лойиҳаси доирасида 10 миллион евро миқдоридаги биринчи транш учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Учрашув сўнгида жорий йил режалаштирилган “Ўзбекистон – ЕИ” Ҳамкорлик қўмитасининг 17-йиғилиши, иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича “Ўзбекистон – ЕИ” Қуйи қўмитасининг 15-йиғилиши ва тараққиёт мақсадларида ҳамкорлик бўйича “Ўзбекистон – ЕИ” Қуйи қўмитасининг 3-йиғилиши каби бир қатор икки томонлама тадбирларни видеоконференцалоқа орқали ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

 

ЎзА