Агар тезкор чоралар кўрилмаса коронавирус пандемияси оқибатида инсоният глобал миқёсда озиқ-овқат ҳалокатига дуч келиши мумкин, дейилади БМТ Бош котиби Антониу Гутеррешнинг таҳлилий маърузасида.
Унинг таъкидлашича, COVID-19 пандемияси жаҳон аҳолисининг энг ночор қатламини озиқ-овқат билан таъминлашга таҳдид солиши мумкин. Ҳозиргача мавжуд бўлган озиқ-овқат етказиб бериш тизими глобал ретсессия ва коронавирус бўйича чекловлар оқибатида бузилиши мумкин, деб огоҳлантирди БМТ Бош котиби.
«Бунинг оғир оқибатларга олиб келиш эҳтимоли бор. Агар тезкор чоралар кўрилмаса, ҳозирги вазият глобал озиқ-овқат ҳалокатига айланиши мумкин», — деб ёзади Гутерреш. Унинг айтишича, кўплаб мамлакатлар ҳозирданоқ озиқ-овқат танқислигини бошдан кечирмоқда.
«Пандемия бошланишдан аввал ҳам юз миллионлаб кишилар очлик ва тўйиб овқатланмаслик муаммосига дуч келаётган эди», — деди у.
БМТ Бош котиби қатор тавсияларни илгари сурди. Жумладан, унинг фикрича, давлатлар озиқ-овқат секторида ишлаётган одамларнинг зарурий ҳимоясини таъминлаши лозим, Инсонпарварлик ёрдами доирасида жўнатилаётган озиқ-овқатлар ўз манзилига, аҳолининг энг ночор қатламига етиб бораётганига ишонч ҳосил қилиниши керак.
Гутеррешнинг фикрича, савдо йўлаклари очиқ ҳолда сақланиши лозим, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришнинг узлуксиз занжири таъминланиши керак.
Бундан ташқари, «кимлар очарчилик ва тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда, улар қаерда яшамоқда ва уларга қандай ёрдам зарур» каби масалалар бўйича тезкор маълумот олиш учун ахборот алмашуви кўламини кенгайтириш лозим.
«Мамлакатлар аҳолини, айниқса, кичик ёшдаги болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, кекса ёшдагилар ва бошқа ночор гуруҳ вакилларини сифатли ва тўйимли озиқ-овқат билан таъминлашни кафолатлашлари лозим», — дейилади Гутеррешнинг маърузасида.
Бош котиб давлатларни бундан буён мактабда овқатланиш имкониятини йўқотган болаларга кўпроқ эътибор қаратишга чақирди. «Ҳозирда ушбу гуруҳнинг сони тахминан 352 миллион кишини ташкил этади», — дейилади ҳужжатда.
ЎзА