Корея Республикасидан таътилга келган юртдошларимизнинг бир гуруҳи чартер рейсда жўнаб кетди

Пандемия сабабли мамлакатлараро авиақатновларнинг тўхтатилиши оқибатида Кореяда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва меҳнат таътили олиб Ўзбекистонга келган кўплаб фуқаролар иш жойига қайтиб кета олмаётган эди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан олиб борган музокаралари натижасида меҳнат таътилига келган ана шундай фуқаролардан 31 нафари бугун Кореяга чартер рейс орқали жўнаб кетди.
photo_2020-06-10_18-38-09.jpg

Дунё меҳнат бозорида юзага келаётган инқирозли вазиятда фуқароларимизнинг хориждаги иш жойларини сақлаб қолиш мақсадида олиб борилган икки томонлама музокаралар натижасида фуқароларнинг Корея Республикасига бориши учун қатор талаблар қўйилган. Хусусан, мазкур давлат ҳудудига киришдан олдин фуқаролар Кореяда 14 кунлик мажбурий карантин талабларига риоя қилиш бўйича розилик битимини тузиши, Ўзбекистонда белгиланган тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.

Шунингдек, Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати фуқаронинг розилик битимида кўрсатилган ўзини-ўзи яккалаш жойини ўрганади. Ўрганиш натижасига кўра, фуқаролар томонидан ўзини-ўзи яккалаш жойи карантин қоидаларига тўғри келган тақдирда, уларга Корея Республикасига кириш учун рухсат берилади.

– Болаларимни кўргани таътил олиб келгандим, – дейди тошкентлик Жасур Латипов. – Коронавирус тарқалиши оқибатида барча давлатларда карантин эълон қилинди. Натижада уч ойдан буён уйда қолдик. Бу орада Агентлик виза тасдиқномалари амал қилиш муддатларини узайтириш бўйича ёрдам берди. Агентликнинг масъул ходимлари Корея Республикаси талабига биноан мазкур давлат ҳудудига 14 кунлик мажбурий карантинда бўлиш, тиббий кўрикдан ўтиш ва бошқа масалаларда огоҳлантирди. Яна шуни алоҳида айтиш мумкинки, чартер рейс ташкил этиш, виза муддатини узайтириш каби масалаларда ҳеч қандай тўловларни амалга оширмадик.

photo_2020-06-10_18-38-13.jpg
Корея Республикасидаги эпидемиологик вазият туфайли ишчи визасига эга фуқароларнинг мамлакатга кириб боришида чекловлар ўрнатилган бўлиб, ҳар бир чартер рейсда йўловчилар сони 60 нафардан ошмаслиги белгиланган.

Фуқароларнинг Кореяда 14 кунлик мажбурий карантинда бўлиши бўйича тақдим этган маълумотлари Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан ўрганилганда, уларнинг айримлари ҳақиқатга тўғри келмаслиги, ўзини-ўзи яккалаш жойи белгиланган талабларга жавоб бермаслиги, иш жойига қайтиш ва ўзини-ўзи яккалаш масалалари иш берувчилар билан келишилмагани ёки миграция қонунчилигини бузганлиги сабабли баъзи фуқароларга рад жавоби берилган.

Бу каби ҳолатлар ўз навбатида бошқа юртдошларимиз учун Корея Республикасида иш ўринларининг чекланиши, қонуний тартибда яхши даромад топиш имкониятидан маҳрум бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Қолаверса, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига нисбатан ишончсизликнинг юзага келтиради ва Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги имижига салбий таъсир этади.

photo_2020-06-10_18-38-16.jpg

Таъкидлаш жоизки, дунёдаги бугунги эпидемиологик вазиятда одамлар саломатлигини асраш энг долзарб вазифа ҳисобланади. Шу сабабли Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги пандемия шароитларини инобатга олиб, келажакда тартибли, хавфсиз ва қонунийлик принциплари асосида фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш борасидаги ишларини давом эттиради.

– Мен, Иброҳим Валижонов Наманган вилоятиданман. 2018 йилдан буён шартнома асосида Кореяда ишлайман. Жорий йил январь ойида Ўзбекистонга келдим. Коронавирус туфайли, ҳамма рейслар тўхтатилди. Кореялик иш берувчилар эса биздан қачон келишимизни, аниқ вақтини айтишимиз кераклигини сўрашди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан Корея билан келишган ҳолда, рейс қилиб беришларини сўраб мурожаат қилган эдик. Мурожаатимиз инобатга олиниб, муаммоларимиз ҳал қилиб берилганидан хурсандмиз.

Маълумот учун, шу пайтгача Агентлик 52 мингдан ортиқ фуқарони Кореяга ишга жўнатган. Айни пайтда ушбу мамлакатда 14 мингдан ортиқ юртдошимиз вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда.

 

С. Шоева, Ё. Мелибоев (сурат), ЎзА