2020 йил коронавирус эпидемияси шароитида ретсессия эмас, балки иқтисодий ўсиш тахмин қилинаётган Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги ягона мамлакат Ўзбекистон бўлиб қолиши башорат қилинмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банкининг июнь ойида чиққан «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари» маърузасида сўз юритилган.
COVID-19 пандемияси туфайли жаҳон бозорларида хом ашё маҳсулотлари нархи тушиб кетгани, глобал ва минтақавий ишлаб чиқариш-сотиш занжирида рўй берган узилиш ҳамда молиявий бозорларда таҳликага дош бермаслик даражаси ошиши Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига ҳалокатли таъсир кўрсатган.
Жаҳон банки прогнозига кўра, 2020 йил жаҳон иқтисодиётида 5,2 фоизлик пасайиш кутилмоқда. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврдаги энг салбий ҳолатдир. Маърузада айтилишича, аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш ҳажми 1870 йилдан бошлаб мамлакатларнинг энг катта улушига тўғри келади.
Инқирозга жавобан, минтақадаги кўплаб мамлакатлар марказий банклари пул-кредит тизимини қўллаш кўламини кенгайтирмоқда. Қозоғистон расмийлари валюталарни барқарорлаштириш ҳамда волатиллик (ўзгарувчанлик)ни пасайтириш учун валюта бозорларида интервенция ўтказмоқда, Россия расмийлари эса айни мақсадда суверен жамғармалардан фойдаланмоқда.
Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси иқтисодиётида 4,7 фоизлик пасайиш тахмин қилинмоқда, деярли барча мамлакатлар иқтисодий ретсессияни бошидан кечирадиган бўлиб турибди. Минтақадаги йигирма тўрт давлат орасида биргина Ўзбекистон 2020 йилда 1,5 фоизлик ўсишга эришиши кутилмоқда.
Экспертлар таҳлилига кўра, Россия, Қозоғистон ва Озарбайжондаги иқтисодий ўсишни нефтга бўлган паст нарх чеклаб турибди. Россияда COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишидаги сакраш ва нефть нархи тушиб кетиши ортидан иқтисодий пасайиш 6 фоизни ташкил этади.
Пандемия хусусий истеъмол ва инвестицияларни чеклаётгани боис, иқтисодий фаоллик Марказий Европада 5, Ғарбий Болқон ярим ороли мамлакатларида – 3,2, Жанубий Кавказда – 3,1, Шарқий Европада 3,6, Марказий Осиёда – 1,7 фоизга қисқаради.
Жаҳон банки экспертларининг қайд этишича, «кўпчилик мамлакатлар, гарчи чекланган солиқ-бюджет имкониятларига эга бўлсалар ҳам, директив органлар мавжуд захирадан фойдаланмоқда ёки устуворлик соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, хусусий секторни қўллаш ҳамда молиявий бозордаги узилишнинг олдини олишга қаратилмоқда».
Бир қатор мамлакатлар солиқ-бюджет чоралари пакетлари жорий этилишини эълон қилди, бироқ соғлиқни сақлаш тизими салоҳияти чекланганини ҳисобга олганда, кўпчилик мамлакатлар иқтисодиёти пандемияга яхши тайёргарлик кўрмагани маълум бўлиб қолди. Тожикистонда ретсессия 2, Туркияда – 3,8, Қозоғистонда – 3, Қирғизистонда – 4 ва Туркманистонда 0 фоизни ташкил этади.
Ушбу кутилма (прогноз) мамлакатлар ҳукуматлари томонидан иккинчи ярим йиллик бошланишида чеклов чораларини босқичма-босқич бекор қилиши тўғрисидаги тахминлардан келиб чиққан ҳолда тузилган. Пандемия оқибатларини аста-секин бартараф этиш ҳамда савдо ва инвестицияларни қайта тиклашни кўзда тутувчи сценарийга кўра, 2021 йилда минтақа иқтисодиёти жонланиб 3,6 фоизлик ўсиш кузатилиши мумкин.
Олдинроқ Жаҳон банки 2020 йилда меҳнат муҳожирлари уйларига жўнатаётган пуллар миқдори 20 фоизга қисқаришини олдиндан башорат қилганди. Халқаро меҳнат ташкилоти май ойи охирида инқирознинг ёш йигит-қизларга кучли салбий таъсир кўрсатиши ҳамда уларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш имкониятлари пасайиши мумкинлиги ҳақида сўз юритилган маърузасини эълон қилганди. «Карантин авлоди» учун салбий таъсир узоқ вақт давом этиши мумкин, дея тахмин қилишяпти экспертлар.
Манба: Инновацион ривожланиш вазирлиги сайти
ЎзА