Чиқиндидан энергия ишлаб чиқарилади
Туркиянинг “Çalık Enerji” компанияси бошқаруви вакили Гўкхан Кючюк ўзаро иқтисодий ҳамкорлик алоқалари доирасида Наманганга келди.

Вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармасида бўлиб ўтган учрашувда турк компанияси томонидан вилоятда чиқиндини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияcи ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокара олиб борилди.

Умумий қиймати 40 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа 15 мегаваттгача бўлган миқдорда электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

Туркиялик инвесторга вилоятнинг Чуст, Норин, Уйчи туманлари ҳамда Наманган шаҳридаги чиқинди полигонлари кўрсатилди ҳамда ушбу полигонлар бўйича тўлиқ маълумот тақдим этилди. Сўнгра вилоят «Сувоқава» ДУК, «Наманган ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгаз Наманган» МЧЖ, «Тоза ҳудуд» ДУК вилоят филиали вакиллари билан биргаликда лойиҳа муҳокама қилинди.

Муҳокамалар якунига кўра, туркиялик инвестор вилоятда сармоядорлар учун яратиб берилган шароитлар унга маъқул келгани ҳамда ушбу лойиҳани Наманган шаҳрида жойлашган чиқинди полигонида амалга ошириш тўхтамига келганини таъкидлади.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун ахборот алмашинуви йўлга қўйиш, ташкилий масалаларни мувофиқлаштириш бўйича номи юқорида келтирилган ташкилот ва корхоналар, шунингдек, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.

 

Акромжон САТТОРОВ, ЎзА