Олимлар унча қиммат бўлмаган препарат – Фамотидин COVID-19 касаллигини даволашда ёрдам беришини аниқлашди. Қайд этилишича, ушбу дори воситасини хасталикнинг енгил шаклини бошидан кечираётган, аниқроғи, шифохонага олиниши талаб этилмайдиган беморларга нисбатан қўллаш мумкин. Тадқиқотчиларнинг “Gut” журналида чоп этилган хулосаларида шу ҳақда сўз боради.
Тажрибада иштирок этган 10 нафар коронавирус инфекциясига учраган бемор шифокорлар тавсияси бўйича фамотидин қабул қилишган. Мутахассислар хасталикнинг бешта асосий белгиси – йўтал, ҳансираш, чарчоқ, бош оғриғи, таъм ва ҳид билиш қобилияти йўқолиши асоратлари қай тарзда ўзгаришини таққослаб чиқишди.
Одатда, ушбу препарат куйиш ҳолатларига қарши фойдаланилади. Беморларнинг аксариятига препарат кунига уч маҳал – жами 80 миллиграмм дозада берилган. Айни муолажа 5-21 кун мобайнида ўртача 11 кун давом этган.
Тажрибадан сўнг барча 10 нафар бемор фамотидин қабул қилишни бошлаганидан сўнг ўзини яхши ҳис эта бошлаганини таъкидлади. Дастлабки суткадан кейинроқ коронавирус белгилари намоён бўлиши билан боғлиқ умумий ҳолат ижобий томонга ўзгарган.
Шу билан бирга тадқиқотчилар тегишли маълумотлар ҳали етарли бўлмаганлиги сабабли фамотидиннинг самараси тўлиқ тасдиқланмаганини ҳам эътироф этишди.
Аввалроқ Файнштейн номидаги Тиббий тадқиқотлар институти президенти доктор Кевин Трейси фамотидинни коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун клиник синовдан ўтказиш жараёни бошланганини билдирганди. Ўшанда у агар фойдаси сезилаётган бўлса, мазкур препаратни ҳамма жойда қўллаш мумкинлигини, чунки бу дори «универсал, арзон ва кўп» эканини ҳам қўшимча қилган.
ЎзА