ЖССТ коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини ҳақида огоҳлантирмоқда

Коронавирус эпидемиясининг пасайиши кузатилган давлатлар, агар улар назоратни заифлаштирса, эпидемиянинг иккинчи тўлқинига дуч келишлари мумкин.
Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фавқулодда вазиятлар дастурининг раҳбари Майкл Райан онлайн-брифингда маълум қилди, дейилади “Kazinform” хабарида.
Майкл Райаннинг сўзларига кўра, дунё эндигина коронавирус пандемиясининг биринчи тўлқинининг ўртасига етиб келди.
Сабаби касаллик Марказий ва Жанубий Америкада, Жанубий Осиё ва Африкада авжига чиққан. Касалликнинг тарқалиши тўлқинга ўхшашдир: ўсгандан кейин пасайиш кузатилади ва кейин инфекция яна бошланади.
ЖССТ маълумотларига кўра, мутахассислар «иккинчи тўлқин» тушунчасини қуйидагича изоҳлайдилар: биринчи тўлқинда беморларнинг сони минимал даражага туширилади ва бир неча ойдан кейин касаллик яна авжига чиқади.
“Бир неча ойдан кейин бу кўплаб мамлакатларда акс этади. Шу билан бирга, пандемиянинг иккинчи босқичи мавсумий грипп пайтига тўғри келиши мумкин. Шу муносабат билан, дунё мамлакатлари коронавирус учун тестларни тўхтатмасдан, соғлиқни сақлаш соҳасида кенг қамровли чораларни кўришни ва унинг тарқалиш йўлларини ўрганишда давом эттиришлари керак», — деди Райан.

 

ЎзА