Янги уйлар Андижоннинг замонавий қиёфасига мос бўлиши керак

Президентимиз Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги кўп қаватли уйлар қурилиши билан танишди.

Андижон мамлакатимиздаги ҳудуди энг кичик, аҳолиси эса зич яшайдиган вилоят ҳисобланади. Вилоят республика ҳудудининг 1 фоизини, аҳолиси эса 10 фоизини ташкил этади. Шу боис ҳам вилоятда ҳар бир қарич ердан унумли ва оқилона фойдаланиш талаб этилади.

Давлатимиз раҳбари вилоятга аввалги ташрифи чоғида ана шу жиҳатни ҳисобга олиб, қолаверса, экин майдонларини камайтирмаслик мақсадида адир ҳудудларда кўп қаватли уйлар қуриш, шу орқали тобора ўсиб бораётган аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш борасида қатор вазифалар белгилаб берган эди.

Шу вазифалардан келиб чиқиб, қолаверса, Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Андижон шаҳри билан туташ адир ҳудудларда кўп қаватли арзон уйлар қуриш бўйича дастур ишлаб чиқилди.

Дастур доирасида 2020 йилда Хўжаобод тумани Иттифоқ массивида 1 минг 420 хонадонли 35 та кўп қаватли уй қурилмоқда. Ҳудудда мактаб, тикувчилик цехи, спорт комплекси ҳам бунёд этилмоқда.

Ушбу ҳудуд Андижон шаҳрининг шундоққина юқорисида, “Андижон – Ўш” автомагистраль йўлида жойлашган. Қолаверса баҳаво, ёзнинг иссиқ кунларида ҳам шабада эсиб туради. Бундан ташқари, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви тармоқларига бирмунча яқин экани инфратузилма харажатларининг баланд бўлмаслигини таъминлайди.

Янги барпо этилаётган арзон кўп қаватли уйлар биринчи навбатда яқин ҳудудлар аҳолисига, яъни Андижон шаҳри, Андижон, Хўжаобод, Булоқбоши ва Жалақудуқ туманларидаги уй-жойга муҳтож, шунингдек, уй-жой олиш учун навбатда турган оилаларга берилиши кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари қурилиш ишларидаги камчиликларни кўрсатиб ўтди. Бундай жойларда уйлар бунёд этиш мамлакатимизда янги тажриба эканини, уларни халқаро стандартлар асосида пишиқ, сифатли қуриш зарурлигини таъкидлади.

Лойиҳани такомиллаштириш, аҳолига қулай транспорт йўналишлари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА