Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида Япониянинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан “Тошкент ахборот технологиялари университети ўқув медиа марказини ташкил этиш” лойиҳаси бўйича алмашинув ноталарини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, Япониянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларида савдо-иқтисодий, сайёҳлик, таълим, экологик ва маданий алоқалар муҳим ўрин тутади. Шунингдек, ахборот технологияларини жамиятимизнинг барча соҳаларига кенг жорий этиш, ахборот технологиялари самарадорлигини ошириш бўйича дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда Япония яқиндан кўмак бериб келмоқда.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ўртасида “Тошкент ахборот технологиялари университети ўқув медиа марказини ташкил этиш” лойиҳаси доирасида имзоланган грант шартномаси ана шундай лойиҳалардан бири бўлди.

– Ўзбекистон билан кўп йиллик ҳамкорлик доирасида жамиятни ахборотлаштириш, телекоммуникация соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда фаол қатнашиб келмоқдамиз, – дейди Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Фушими Кацутоши. – Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетига тақдим этилаётган грант ҳам телекоммуникация технологиялари соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштиришга имкон беради.

Қиймати 1,5 миллион доллар миқдоридаги мазкур грант маблағлари университетда илмий-тадқиқот ва ўқув лабораторияларини ташкил этиш учун сарфланади. Ушбу ўқув медиа марказ теле ва радиоэшиттиришдаги ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг замонавий тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда компьютер технологиялари, мультимедиа ва тармоқ ускуналари билан жиҳозланади.

Лойиҳанинг амалиётга жорий этилиши махсус ва амалий фанларни ўқитиш сифатини яхшилаш, “Кинотелеоператорлик” ва “Махсус ёритиш технологиялари” йўналишида таҳсил олаётган мутахассислар, талабаларнинг назарий ва амалий жиҳатдан профессионал малакасини ошириш, интерфаол ўқув машғулотлари ўтказиш, шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини бажаришга хизмат қилади.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА