Олий Мажлис Сенатида элчиларнинг ҳисоботи эшитилди​

2020 йил 12 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Европа мамлакатларидаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 20 январда ўтказилган биринчи мажлисидаги нутқидан келиб чиқадиган устувор вазифаларга бағишланди.Мажлис ишида Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Сенат аъзолари, республиканинг алоқадор вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ҳамда вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.Европа мамлакатларидаги Ўзбекистон дипломатик миссиялари раҳбарлари томонидан хорижий мамлакатлар билан икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича “Йўл хариталари”ни ижро этиш юзасидан амалга оширилган ишлар, шу жумладан, экспортни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва республика ҳудудларига туристлар оқимини оширишга қаратилган аниқ лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги ҳисоботлар тақдим этилди.Ўтказилган очиқ ва мақсадли муҳокамада дипломатик миссияларнинг барча масалалари ва устувор вазифалари кўриб чиқилди, уларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилди ҳамда хорижда республиканинг иқтисодий манфаатларини тарғиб қилишдаги тизимли камчиликлар кўрсатиб ўтилди.Мамлакат ҳудудларида айрим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мажлисда Ўзбекистоннинг қатор элчихоналари фаолияти кучайтирилганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, айрим дипломатик миссиялар раҳбарларининг фаолиятида жиддий камчиликлар мавжудлиги қайд этилди.

Дипломатик ваколатхоналар раҳбарларига батафсил тавсиялар берилди ва улар олдига ўз фаолияти натижадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Мажлис якунлари бўйича Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

 

ЎзА