Парламентлараро иттифоқ, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, БМТнинг Женевадаги идораси, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти каби етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари, БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо бўлган давлатлар дипломатик миссияларининг раҳбарлари, дипломатик корпус, эксперт-таҳлилий доиралар ва ОАВ вакилларини бир жойга жамлаган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги чақириқдаги парламентга йўллаган Мурожаатномасининг асосий мазмуни ва республикани ривожлантириш бўйича биринчи даражали вазифалар ҳақида гапириб берди.Брифинг иштирокчилари Ўзбекистоннинг 2021-2023 йилларда БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига кириш бўйича қарорини ҳамда ушбу нуфузли ташкилотга аъзо этиб сайланган тақдирда республиканинг устувор йўналишларини маъқуллади.
Самарқандда жорий йилнинг май ойида ташкил этиладиган Инсон ҳуқуқлари бўйича форум эксперт ҳамжамияти ва дипломатик корпус вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Форум доирасида мамлакатимиз томонидан халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқилаётган «Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенциянинг лойиҳасини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилгани ижобий эътироф этилди.
Иштирокчилар Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш, Афғонистон муаммосини бартараф этиш масалалари бўйича қарашлари ҳамда кўп шериклик Траст фондининг Оролбўйи учун инсон ҳавфсизлиги бўйича фаолияти билан таништирилди.
Брифинг давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг турли жиҳатларига бағишланган тегишли ахборот материаллари тарқатилди.