Сенатор муносабати
Президентимизга Олий Мажлисга Мурожаатида баён қилинган Ватанимиз тараққиёти, ёшларимиз баркамоллиги, аҳоли фаровонлигига дахлдор барча йўналишлар ва вазифалар бугунги кунда ҳар бир депутатга катта дастуриламал ва кучли қанот бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг «Барча депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб айтмоқчиман: демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир. Бу борада биз ҳар куни изланишдамиз, хориждаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳаётимизни, иш услубимизни янгилашга ҳаракат қилмоқдамиз» деб билдирган ишончи халқ ҳурмати ва эътирофига сазовор бўлган ҳар бир депутатдан иш услубини янгилашни талаб қилмоқда.
Бугун ўз сайловчиларимизни ишонтириб айтаманки, бизнинг иш жойимиз одамлар ораси кўчди. Маҳаллаларга кириб бориш, хонадонларда бўлиш, мактаб ўқувчилари, ота-оналар билан мулоқотлар бугунги кунда ҳаётимиз янгиланганлигидан, аҳолининг онг-тафаккури ўсганлигидан, ёшларимиз дунёқараши кенгайиб бораётганлигидан дарак бермоқда.
Яқинда Нукусдаги менга ишонч билдириб депутат қилиб сайлаган «Амударё» макон фуқаролар йиғини ҳудудидаги фуқаролар билан учрашди. «Тахтакўпир» кўчасида яшовчи фуқаро Ж.Медетова, «Айтекебий» кўчасида яшовчи фуқаролар Д.Аметов, Т.Исмоиловлар, кўчаларга тунги ёритгичлар қўйилмагани, неча йиллардан бери асфальт янгиланганмагани сингари муаммоларни ўртага қўйдилар.
«Композитор» кўчаси фуқароси Ж.Пирниязова маҳаллага Нуроний отахонлар учун дам олиш маскани, ёшлар учун спорт майдончаси, кутубхона қуриш бугунги кун талаби, деб ҳақли эътироз билдирдилар.
20 дан ортиқ фуқаролар үй-жой, иш билан бандлик, болалар боғчасига фарзандларни жойлаштириш сингари муаммоларини ўртага ташладилар.
Бу муаммолар албатта Нукус шаҳар бош архитектори Ж.Жексинбоев, Кадастр бўлими раҳбари А.Худойбергенов, «Нуроний» жамғармаси бошлиғи К.Қаландаровлар, Мактабгача таълим бўлими К.Сейдуллаев, «Давлат хизматлари» бўлими А.Жўлдосбоевлар томонидан амалга оширилиши йиғилиш қарорида қайд қилиниб, мутасадди ташкилотлар томонидан назоратга олинди.
Қувонарлиси шундаки, фуқароларимизнинг сўзи, таклиф ва талаблари Презентимиз Мурожаатида «Ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлишига эришмоғимиз лозим», деган таъкидларига жавоб беради.
Бунинг учун эса бизнинг янгича иш фаолиятимизни маҳаллаларга кўчиришимиз айни муддаодир.
Негаки, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, азалдан чинакам миллий қадриятлар маскани бўлиб келган, ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож одамлар ҳолидан хабар олиш, етим-есирлар бошини силаш, тўй-томоша, ҳашар ва маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам бирга бўлиш каби халқимизга хос урф-одат ва анъаналар, авваламбор, маҳалла муҳитида шаклланиб ривожланган ва Ҳазрат Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” асарида маҳалла “шаҳар ичидаги шаҳарча” дея таърифланган.
Эътироф қилиш керакки маҳалла аввал турмуш тарзини, миллий урф-одатлар ва анъаналарни мужассамлаштирган тузилма сифатида қарор топган. Ҳатто, энг қалтис, энг таҳликали дамларда ҳам ижтимоий обрўсини сақлаб қолиб, эл-юрт таянчи ва суянчига, халқ виждонига, жамоатчилик нуқтаи назарини ифодаловчи ўзини ўзи бошқариш тизимига айланган.
Биламизки, мустақиллик йилларида тарихан миллий анъаналарга йўғрилган, мустақиллик янада теран мазмун-маъно касб этган ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий базасини яратишга асос солинди. “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, кейинроқ “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Бугунги кунда маҳалла илк бор конституциявий институт даражасига кўтарилди.
Ташкилотнинг бош мақсади фуқаролар йиғинларини аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, уларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш тизимидаги вазифаларини янада кенгайтиришга, маданий-маърифий ишларни кенг амалга ошириш, миллий ва маънавий қадриятларни изчил тарғиб қилиш, фаолиятини такомиллаштириш орқали ижтимоий ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга мададкор бўлишдан иборат қилиб белгиланди.
Буларни таъкидлаганимиздан мақсад биз депутатлар Президентимизнинг Мурожаатномаси асосида ўз иш фаолиятимизни маҳаллаларда давом эттиришимиз керак. Чунки оилалар тинч-тотувлиги, фарзандлар баркамоллиги, жиноятлар камайиши, тадбиркорлик ривожланиши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг ночор қатламлари муҳофаза қилиш, қизларимизни турмушга тайёрлаш сингари барча вазифаларимиз маҳаллалар ҳаётига кириб боришимиз билан ҳал бўла бошлайди.
Демак биз иш услубимизни албатта янгилашимиз зарур.
Бу бизнинг Давлатмиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатига берган амалий жавобимиз бўлади.
Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги