ЎзА Бош директори ёшлар билан учрашди

Раҳбар ва ёшлар учрашуви
Янги Ўзбекистонни албатта, ёшлар билан бирга қурамиз.
2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади.
 
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 декабрда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашуви мамлакатимиз йигит-қизлари ҳаётида унутилмас кун бўлиб қолди.

Шу учрашувда айтилган фикрлар, ташаббуслар, ёшларга билдирилган ишонч бугун Ўзбекистон ёшларини руҳлантириб, янги марралар сари чорламоқда. Буни давлат ва жамоат ташкилотларида ишлаётган ёшлар шижоатида ҳам кўриш мумкин. Ўз навбатида, бу каби ёшлар фаолияти, ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, шоир Абдусаид Кўчимов билан шу ташкилот ёшлар учрашувида бу жиҳатлар алоҳида эътироф этилди.

Учрашувда А.Кўчимов болалик чоғлари, ўқувчилик, талабалик даври,иш фаолияти, ижод йўли ҳақида гапириб берди. Гоҳ маҳзун, гоҳ қувноқ бу хотиралар ёшларни шижоат билан ишлашга, мақсад сари дадил интилишга ундайди.

ЎзА ёшлари Бош директорнинг пойтахтга ўқишга келган илк йиллари, ўқиш заҳматлари, кейинчалик оилавий ижарада яшаш қисмати ҳақида эшитиб, ибратли бу ҳаёт йўлидан хулосалар чиқарди.

Абдусаид Кўчимов журналистиканинг машаққатли йўли ҳақида гапирар экан, ушбу соҳага бойиш учун эмас, аксинча уни янада бойитиш учун қадам ташлаш кераклигини айтди. Орзуни буюк қилиб, мақсад сари ишонч билан одимлаш зарурлиги ҳақида гапирди.

– Мақсадга интилган одам албатта эришади. Фақат барча муваффақиятларга ҳалол йўл билан, меҳнат билан эришиш керак. Инсоннинг меҳнати ҳалол бўлса, сўзи ҳалол бўлса ва ўзи пок экан, уни барча қўллаб-қувватлайди, Аллоҳ тўғри йўл кўрсатади, – деди А.Кўчимов.

Ижодкор назм ва наср, бадиий публицистика йўналишида ёзган китоблари мазмуни ҳақида гапириб берди. Янги шеърларидан ўқиди.

 

Дилобар МАМАТОВА, Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА