Сенатор муносабати

          Ҳар бир кунимиз тарих саҳифаларига айланмоқда. Биз қадим тарихимизни, аждодлар қолдирган бой адабий, маънавий хазиналарни тошлар юзидаги битиклар, эски қалъа тошларидаги турли тасвирлар, эски қўлёзмалардан ўрганаётган бўлсак, бугунги тарихимиз маънавиятимиз сарчашмаларига айланиб тарих деб аталган залворли китобларда битилмоқда.

Мана уч йилдирки, давлатимиз раҳбарининг Олий  Мажлисга Мурожаати, унда таъкидланган ҳар бир даъват ҳаётимизга жуда катта бурилишлар ясамоқда. Онгу-шууримизни уйғотиб, яратувчанликка, бунёдкорликка, эл-юртга хизмат қилишдек олийжаноб бурчимизни фидоийлик билан уддалашга, Ватанга садоқат ва шижоатга ундамоқда.

Айниқса Президентимизнинг яқинда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатида  тарихни янгилаётган давримизнинг даъватлари бор. Жумладан Президентимиз «Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради» деб таъкидлайдилар.

Ҳақиқатда ҳам ўзгармоқда, ҳаётимиз янгиланмоқда, ҳар янги кун, янги бир тарих бўлиб ёзилмоқда. Бу тарих деҳқонлар меҳнати билан боғ-роғларга айланаётган далаларда, ер ости, ер усти бойликлари, халқ фаровонлиги учун хизмат қилаётган корхона ва заводларда, шаҳар ва қишлоқлар кўркига кўрк бўлиб қўшилаётган аҳолини қувонтираётган бинолаларда, кенг ва равон, гўзал кўча ва хиёбонларда ёзилмоқда.

Замонавий ёшларга дунёвий билимларни ўргатишга барча шароитлар яратилган мактабларда ёзилмоқда.

Тарих ҳақида гап кетар экан албатта маънавиятимиз, маданиятимиз, адабиётимиз хазиналарига кўз югуртирамиз.

Зеро Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатида шундай ҳикматлар бор:

«Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!”

Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак».

Айни ҳақиқат  бу! Билимга интилиш,  китобга ихлос Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир маърузасида алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Яқинда халқимиз буюк мутафаккир шоир А.Навоийнинг таваллуд кунларини нишонлади. Яна бир марта бобомиз ижодига, бизга қолдирган бой маънавий хазиналарига кўз югуртирдик.

А.Навоий бобомиз «Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи», дея таъкидлаган. Бу сўзлар мактаб ўқувчилари томонидан жуда кўп такрорланди. Мен буни Қорақалпоғистон давлат хавфсизлик хизмати Кенгаши раҳбарияти ташаббуси билан мактабларда ташкил қилинган Навоийхонлик анжуманларида иштироким давомида  эшитдим ва ёшларимизнинг китоб ўқишга интилаётгани, китобга бўлган меҳри ўсаётганига гувоҳ бўлдим.

Китоб – туганмас хазина, ундан олган билимларимизни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг ундан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешловчи қайроқдир. Китоб тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлаб, қадрига етади, севиб мутолаа қилади.

Кўп китоб ўқийдиган, маънавиятли оиланинг фарзандлари, шубҳасиз, Ватанимиз келажаги, халқимиз ишончи ва таянчидир. Бу – бизнинг бугунги хулосамиз. Бироқ бундан ярим аср олдин оддийгина ишчи бўлган отам жинчироқ ёруғида фарзандларига эртак ва достонлар ўқиб берганида хаёлидан нималар ўтган экан? Эҳтимол, китобнинг маънавият хазинаси эканини теран англагани учун ҳам, ишдан ҳориб-толиб келишига қарамасдан, китобхонликни канда қилмагандир. Балки, отам  авлодлардан-авлодларга авайлаб элтувчи тафаккур кемалари бўлган китоблар кун келиб фарзандларини камолот соҳилига етказишини орзу қилгандир…

Мана шу орзулар рўёбини мен Мўйноқ, Қўнғирот, Шўманой, Қораўзак, Чимбой, Нукус, Хўжайли, Тахиатош туманлари, Нукус шаҳри мактабларида ўқувчилар кўзида кўрдим.

Улар қўлига олган китобларда маънавият сарчашмалари оқаётганлигини яхши тушуниб турибдилар.

Бизлар мактаб кутубхоналарига совға қилиб олиб берган китоблар таҳламини қўлига олган ёшларнинг қувончини кўриб кўнглимиз тўлди.

Ҳақиқатдан ҳам халқ мақолаларида айтилганидек, «Китобсиз ақл – қанотсиз қуш», «Бахт белгиси – билим», «Билим – ақл чироғи», «Гўзаллик – илму маърифатда», «Илм бахт келтирар, билим тахт келтирар», «Ҳунар – оқар булоқ, илм – ёнар чироқ» кабилар.

Бугун Ватанимиз жадал равнақ топаётган бир даврда аждодларимиз, донолар фикрида ўз аксини топган китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантиришга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Чунки ёш авлоднинг ҳар томонлама шаклланишида  китоб мутолаасининг ўрни беқиёслигини англаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январда «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди. Бу ҳужжатда аҳолининг кенг қатламини китоб ўқишга жалб қилиш, китоб ўқиш ва китобхонликни тарғиб этиш, вояга етган фарзандларимизни боғча ёшидан бошлаб китобга меҳрли қилиб  тарбиялаш, китоб маҳсулотларининг мазмунига эътибор бериш, уларни чоп этиш сифатини яхшилаш, турли мазмундаги китоблар билан тўлдирилган китоб дўконларини кўпайтириш, китоблар фондини янада бойитиш кўзда тутилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев: «Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ», -дея таъкидлайдилар. Шунинг учун ҳам  ёшларни ҳар томонлама фикрлайдиган, маънан етук, ҳар қандай ахборотларни ақл билан таҳлил эта оладиган, баркамол инсон қилиб  тарбиялаш биз, асосий вазифамиздир.

Қорақалпоғистон давлат хавфсизлик хизмати бошқаруви ходимлари томонидан ҳар мактабга 200-300дан ортиқ китоблар топширилди. Ўқувчилар билан адабиёт, маънавият, китоб тўғрисида суҳбатлар олиб борилди. Ўқувчиларнинг фикрларига қулоқ солдик. Улар ўз орзу-мақсадларини тўлиб-тошиб гапириб, мактаб муаммоларини  ҳам ўртача чиқардилар.

Мана Шўманой туманинг энг чекка қишлоғида жойлашган 84-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Дурдона Аманованинг сўзлари:

–Навоий бобомиз таваллуд кунларида мактабга келиб бизларга китоб совға қилаётганларингиздан хурсандмиз. Мактабимизда 500дан ортиқ адабий китоб бор. Лекин кутубхона йўқ. Яхши спортчиларимиз бор, спорт  майдончаси ёки спорт залимиз йўқ. Мана бугун Навоий бобомизни ёдга олиб байрамни совуқ бўлса ҳам ташқарида ўтказаяпмиз. Чунки тадбирлар ўтказиш учун маънавият залимиз ҳам йўқ! Шу масалалар ҳал бўлишида ёрдам берасизлар, деб умид қилиб қоламиз.

Биз Дурдона қизимизнинг дадиллиги, гапларидан жуда таъсирландик, чекка мактабга келганимиз тўғри бўлибди, деб ўйладик. Чунки энди бу муаммони ҳал қилиш жуда зарур эканлигини биламиз.

Мўйноқ туманидаги 11-мактаб ўқувчиси Бегим Қулмуратов, Нукус тумани 11-синф қувчиси Нурлан Махсетбоев, Қўнғирот тумани 6-мактаб 11-синф ўқувчиси Умида Қуатбоеваларнинг Мурожаатларида уларнинг илмга чанқоқлиги, китобга меҳри, ижод қилишга ҳаваси, Президентимиз ёшларга яратилиб бераётган имкониятлардан уларнинг илм олишга бўлган интилишлари кучли эканлигини кўзларидаги ишонч ва мақсадли орзулари кўзларида яққол  акс этиб турганлигида кўриб қувондик.

Хулоса қилиб айтганда Қорақалпоғистон Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарияти ташаббуси ва ташкилотчилиги билан ўтказилган бу маданий, маънавий тадбирлар ёшларимиз ёдида узоқ сақланиб қолади.

Негаки Президентимиз Олий Мажлиси Мурожаттида ««Биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз.

Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача – таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик.

Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади», деб таъкидлагани ёшларимизнинг баркамол ватанпарвар, бунёдкор, фидоий, шижоатли бўлиб етишишлари учун ғамхўрлик ва амалий ишлар кўринишидир.

 

  Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси,

«Қорақалпоқ адабиёти» газетаси Бош муҳаррири.