​Ўзбекистон ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун очиқдир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Японияга расмий ташрифи доирасида ушбу мамлакатда чоп этиладиган “Nikkei” газетасига интервью берди.
1876 йилда асос солинган, дунёдаги йирик молиявий нашрлардан бири бўлган ушбу газета 3 миллиондан зиёд нусхада чоп этилади. Қуйида ушбу интервьюнинг таржимаси берилмоқда.
– Муҳтарам Президент Жаноблари, Сиз Япония билан икки томонлама муносабатлар, айниқса, иқтисодиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз?
– Япония Ўзбекистон учун доимо вақт синовидан ўтган, ишончли ва стратегик шерик бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Япония ҳукуматининг кўмагида, “Ривожланиш учун расмий ёрдам” дастури доирасида мамлакатимизда қиймати 4 миллиард доллардан зиёд бўлган йирик лойиҳалар амалга оширилди.
Иқтисодий ҳамкорлигимизнинг асосий соҳалари – бу электр энергетикаси, нефть-газ, нефть-кимё ва кимё тармоқлари, машинасозлик ва туризм ҳисобланади.
Ишонаманки, бўлажак Ўзбекистон – Япония саммити доирасида эришилган келишувлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда янги даврни бошлаб, шериклик алоқаларимизнинг янги йўналишларини белгилаб беради.
– Японияга ташрифингиз доирасида қандай икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган?
– Ташриф давомида Япония етакчи компанияларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини назарда тутадиган бир қатор шартномаларни имзолашни режалаштирганмиз.
Амалга оширилиши белгиланган қўшма инвестициявий лойиҳаларнинг умумий қиймати 6 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади.
Йирик ва муҳим аҳамиятга молик лойиҳалар орасида қиймати қарийб 2 миллиард доллар бўлган Навоий иссиқлик электр станциясининг учинчи ва тўртинчи буғ-газ қурилмасини қуриш бўйича ишлар давом эттирилишини алоҳида таъкидлашни истардим. Яна бир муҳим лойиҳа (қиймати 200 миллион доллар) мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, Ўзбекистонда экспортга йўналтирилган замонавий қишлоқ хўжалиги кластерларини ташкил этишга қаратилган.
 
– Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий салоҳияти ва жозибадор жиҳатларини нималарда кўрасиз?
– Ўзбекистонда сўнгги йилларда инвестиция муҳитининг яхшиланиши натижасида хорижий капитал иштирокида ташкил этилган корхоналар сони 2 баробарга ортди. Бугунги кунда уларнинг сони 10 мингни ташкил этмоқда.
Биз бу йил хорижий инвестицияларни уч баробар кўп, яъни 7 миллиард доллардан кам бўлмаган миқдорда ўзлаштиришни мўлжаллаб турибмиз.
Ўзбекистон улкан минерал-хомашё ресурсларига эга бўлиб, олтин, уран, мис, калий тузлари, фосфоритлар каби фойдали қазилмалар захиралари бўйича дунёдаги ўнта етакчи давлат қаторида қайд этилади. Биз биргаликда илғор япон технологиялари ёрдамида уларни янада чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлашга эришишимиз мумкин.
– Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлган барча давлатлар ва компанияларни қизиқтирадиган бир савол билан мурожаат қилишга рухсат этсангиз: мамлакатда кенг миқёсдаги ислоҳотлар давом эттириладими, кейинги таркибий ўзгаришлар қандай бўлади?
– Кўп йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш, халқаро майдонда миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлаш учун 2017 йилдан эътиборан, Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мамлакатни янгилаш ва модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни бошладик. Иқтисодиётни либераллаштириш ишлари ва маъмурий ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда, миллий валютанинг эркин конвертацияси жорий этилди.
Биз рақобат ва тадбиркорликни янада ривожлантириш, хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг қатъий кафолатлари, мазкур соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бизнес ва сармоя муҳитини яхшилашга муҳим аҳамият қаратмоқдамиз. Буларнинг барчаси, жумладан, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига қаратилган.
Биз хорижий инвесторларнинг қўллаб-қувватлашидан умидвормиз. Ҳукуматимиз хорижий инвестицияларни имкон қадар ҳимоя қилиш ва Ўзбекистонга сармоялар оқимини кенгайтириш мақсадида ишончли рағбатлантириш омилларини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўради.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар ортга қайтмайдиган даражада муқаррар тус олди, деб айтиш учун барча асосларимиз бор. Чунки, бу ислоҳотлар бизнинг миллий манфаатларимизга, халқимизнинг орзу-интилишларига мос келади.
– 2016 йилда мамлакат Президенти лавозимига сайланганингиздан сўнг Сиз ҳокимиятни демократлаштириш ва унинг очиқлигини таъминлаш сиёсатини амалга оширишга киришдингиз. Ушбу сиёсат давом эттириладими ва шу жиҳатдан қараганда, бўлажак парламент сайловларининг аҳамияти нималардан иборат?
– Давлат раҳбари сифатидаги фаолиятимнинг илк кунларидан бошлаб жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатнинг янгиланиши ва модернизация қилинишига биринчи даражали аҳамият қаратиб келмоқдаман.
Бугунги кунда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон виза режими энг либерал давлатлар рўйхатида МДҲ ҳудудида иккинчи ва Марказий Осиёда биринчи ўринда туради. Ҳозирги вақтда бизнинг мамлакатимизга 86 та давлат фуқаролари кириш визасини олмасдан келиб-кетиши мумкин.
Бугун Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Биз, албатта, ёш авлод ҳақида ҳар томонлама ғамхўрлик қиламиз.
Бўлажак парламент сайловлари миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кириши йўлидаги яна бир амалий қадам бўлади.
– Ўзбекистон ташқи сиёсатда қандай тамойилларга таянади?
– Бизнинг мақсадимиз – халқаро майдонда, жумладан, жаҳон хўжалик муносабатларида муносиб ўрин эгаллашдан иборат. Ўз-ўзидан равшанки, ташқи сиёсатимизнинг бош устувор йўналиши – Марказий Осиё минтақасидир. Сўнгги уч йил мобайнида Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланди, ўзаро сиёсий ишонч сезиларли даражада ортди, кооперацион ва гуманитар алоқалар фаоллашди.
Минтақамизда барқарорликни таъминлаш қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш билан чамбарчас боғлиқдир.
Евроосиёнинг транспорт-транзит ва ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга қаратилган халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз, минтақамиз орқали Шарқдан Ғарбга ва Шимолдан Жанубга ўтадиган мавжуд транспорт ва иқтисодий коридорларни мустаҳкамлаш ва янгиларини яратиш тарафдоримиз.
Биз барча шерик давлатлар – Россия, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Европа давлатлари ва мусулмон дунёси мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдормиз.

 

​ЎзА